Ўртача оддий ўзбекистонлик бюджетга қанча ва нима учун тўлайди? Бу саволга кўпчилик жавоб бера олмайди. Ҳолбуки, Европадаги деярли ҳар бир ўқувчи тўлаши лозим бўладиган солиқларни ҳисоблаб бериши мумкин.
Иш ҳақи иши
Биз аллақачон иш ҳақимиздан даромад солиғи (ЖШДС) ҳисоблаб чиқаришларига кўникиб қолганмиз. Бироқ фақат бухгалтер бизнинг пулларимиздан қанча ушлаб қолиш ва буни қандай бажаришни билади. Қайд қилиб ўтамиз, биз Ўзбекистон резидентларидан олинадиган ЖШДСни кўриб чиқамиз, норезидентларга солиқ солиш сезиларли даражада фарқ қилади. Амалиётнинг кўрсатишича, айнан ЖШДСни ҳисоблаб чиқариш энг мураккаб жараёнлардан биридир. Улар юзасидан кўплаб саволлар вужудга келади ҳамда булар тушунтирувни талаб қилади. Барча тафсилотлар ва тушунтирувларни кўриб чиқмаймиз, боз устига уларни “Жавоб берамиз” Маълумот хизмати каталогининг махсус бўлимидан топиш мумкин.
Ўзбекистоннинг ҳар қандай фуқаросида қизиқиш уйғотадиган стандарт вазиятларни кўриб чиқамиз.
Даромад солиғи шкала бўйича ўсиб борувчи якун билан ёки энг юқори ставка бўйича (23 фоиз) ҳисобланади, бу дегани, ойдан ойга иш ҳақи суммасига боғлиқ ҳолда у ўзгариб боради, башарти ходим ҳар ойда бир хил суммани ишлаб топмаса. Бир хил сумма ишлаб топилганда, агар таътил ёки касаллик варақаси бўлмаса, бюджетга ажратмалар ҳам бир хил бўлади.
ЖШДСни ҳисоблаб чиқаришда ҳисобга олиниши зарур бўлган бир нечта асосий жиҳатларни қайд этамиз. 1 январдан бошлаб эътиборан ҳисоб-китобга “ноль ставкаси” жорий қилинган, яъни 1 ЭКИҲ миқдоридаги даромадга ноль ставкаси (2015 йил бошига 118 400 сўм – календарь йил мобайнида ҳисобга олинадиган сумма) бўйича солиқ солинади. Кейинги ставка – 8,5 фоиз, шундай сўнг 17 фоиз ва 23 фоиз. 2015 йил октябрь ойи учун ЖШДС ҳисоб-китоби услубияти билан шу ерда батафсил танишиш мумкин (шкала материал чоп этилган санада долзарб). Ўсиб борувчи якун – бу ходимнинг йил бошидан бошлаб ишланган давр учун барча даромадларини қўшиш ва шкалага мувофиқ солиқ суммасини ҳисоблаш. У ўзини қўлланадиган фоизни ҳисоблаб чиқариш учун даромад даражасининг энг юқори ва энг паст қийматлари сифатида намоён қилади. Натижада солиқ тўлаш фоизи ходимнинг иш ҳақи динамикасига боғлиқ ҳолда ойдан ойга ўзгариши ёки барқарор равишда сақланиб қолиши мумкин.
Содда қилиб айтганда, ҳар ойда бир ЭКИҲ миқдорида ишлаб топсангиз солиқ тўламайсиз. Аммо даромад 118 400 сўмдан ошган тақдирда ундан бюджетга ажратмалар ўтказилади. Ва даромад қанчалик юқори бўлса, солиқ ҳам шунчалик юқори бўлади.
Қонунчиликда ЖШДС тўлашда имтиёзлар кўзда тутилган.
Пенсияга пуллар
Ходим ҳар ойда даромад суммасидан 7 фоиз миқдорида пенсия жамғармасига ҳам тўлайди, уни иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришда ҳисоблайдилар.
Иш ҳақи бўйича солиқларни тўлаш ҳақида гапирганда ШЖБПҲга ажратмаларнинг мавжудлигини ҳам эътиборга олиш зарур. Бу ходимнинг иш ҳақида акс этмайди. ШЖБПҲ – бу Халқ банкида очилган фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига (ШЖБПҲ) йўналтириладиган ЖШДС солинадиган иш ҳақидан 1 фоиз ажратма. ШЖБПҲ ҳисобига ажратмалар суммасини оширадиганлар учун ЖШДС тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим қилинади.
Икки иш ҳақидан солиқ
Ўриндошлардан, башарти уларнинг аризалари мавжуд бўлса, энг юқори ставка бўйича солиқ ундирилади. Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низомнинг 7-бандига (ВМнинг 18.10.2012 йилдаги 297-сон қарорига илова) мувофиқ, ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Ички (асосий иш ҳисобланадиган худди ўша ташкилотда) бир неча касбда ва лавозимда ишлаганда ходимнинг даромадларини “ставка бўйича” расмийлаштириш ва ҳисоблаб чиқиш унчалик қийин кечмайди. Ташқи турида эса кўпинча ходимдан ўриндошлик асосидаги иш ҳақидан энг юқори ставкада ЖШДС ушлаб қолишга ариза ёзишни сўрашади. Бюджетга ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш ва ўриндош барча зарур солиқларни тўлаганлигини исботлаш учун 1 апрелгача яшаш жойидаги солиқ инспекциясининг туман бўлимига олинган даромадлар бўйича декларация топшириши лозим бўлади. Даромадларни декларациялашда ЖШДС бўйича ортиқча тўлов ёки бюджетга қарздорлик аниқланади.
Бизнес жисмоний шахслар учун
Хусусий бизнес билан шуғулланувчилар ҳам солиқларни тўлашади. Турли мулкчилик шаклида солиқ юки ҳам ҳар хил бўлади. Модомики биз фақат жисмоний шахсларга солиқ солиш ҳақида сўз юритарканмиз, юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларга (бундан буён ЯТТ деб юритилади) солиқ солишни кўриб чиқамиз. Қонунчиликка мувофиқ, ЯТТ миқдори фаолият турига боғлиқ бўлган қатъий солиқ тўлайди.
Шунингдек, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 9-моддасига биноан тадбиркор бухгалтерия, тезкор ва статистика ҳисобини қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ юритиши ва ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли давлат органларига белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этиши шарт.
Агар мол-мулк бўлса
Даромад солиғидан ташқари, агар мол-мулк мавжуд бўлса, фуқаролар мол-мулк солиғини ҳам тўлашлари лозим. Бунда ҳар бир объект – Ўзбекистон ҳудудида жойлашган турар жой, квартира, дала ҳовли, гараж ва бошқа қурилишлар, бинолар, иншоотлар бўйича тўлаш керак. Агар юридик шахслар ўз объектларини ўзлари солиқ органларида ҳисобга қўйишса, у ҳолда фуқаролар буни амалга оширишларининг зарурати йўқ. Айтиб ўтиш жоизки, бу солиқни деҳқон хўжаликлари ҳам тўлашлари керак.
Агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлашнинг имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ва (ёки) фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқ тўлаши лозим бўлади. Бу ҳақда Солиқ кодексининг (СК) 272-моддасида айтиб ўтилади.
Солиқ солиш базасини ҳисоблаб чиқаришда кўчмас мулкнинг инвентаризация қиймати ҳисобга олинади. Агар у аниқланмаган бўлса, у ҳолда унинг қонунчиликда белгиланган шартли қийматидан келиб чиқилади.
СКда айтиб ўтилишича, жисмоний шахслар мол-мулкни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижарага берган тақдирда, нотурар жой бинолари мулкдорлари мол-мулк солиғини юридик шахслар учун белгиланган солиқ ставкаларига мувофиқ тўлашларига тўғри келади, у ҳар йили кўриб чиқилади.
СКга мувофиқ мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бор. Хусусан – эгалигида квартира, уй ва ҳ.к. бўлган пенсионерлар учун, батафсил – шу ерда. Бироқ айтиб ўтиш лозимки, имтиёз мол-мулкнинг барча майдонига эмас, балки фақат 60 кв.м.га татбиқ этилади. Агар кўпроқ бўлса – бу квадратурадан ортиқ майдон учун солиқ тўлаш керак бўлади.
Экспертларимиз мол-мулк солиғини ҳисоб-китоб қилишнинг аниқ намунасини тақдим қилишган.
Солиқ кодексида айтиб ўтилишича, солиқ 15 октябргача тўланиши лозим. Агар муддати ўтиб кетса, ҳар бир кечиктирилган кун учун 0,033 фоиз миқдорида пеня ҳисобланади. Солиқ ҳисоб-китоби мулкдорнинг қаерда яшашидан қатъи назар мол-мулк жойлашган ер бўйича амалга оширилади. Жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи тўғрисида ҳисоб-китоб намуналари билан шу ерда батафсил танишиш мумкин.
Агар уй ерда бўлса
Жисмоний шахслар (мулкдорлар, эга бўлганлар, фойдаланувилар ёки ижарачилар) ва деҳқон хўжаликлари тўлайдиган яна битта солиқ – ер солиғи. СКнинг XII бўлими шунга бағишланган. Унинг 228-моддасида ер солиғини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солиш объектлари рўйхати белгиланган. Ер майдонларига мулк, эгалик ва фойдаланиш ҳуқуқи жисмоний шахсларга мерос бўйича, ҳадя қилиш ёки сотиб олиш натижасида ўтган тақдирда улар бу солиқни тўлашлари керак. Бунда кўп квартирали уй остида жойлашган ер солиқ солиш объекти ҳисобланмайди, тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилаётгани бундан мустасно. Солиқ солиш базаси кўчмас мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи орган маълумотлари бўйича ер участкаларининг майдонидан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқарилади.
Экспертларимиз ер солиғини қандай ҳисоблашни тушунтиришади.
Ер солиғи бўйича ҳам имтиёзлар бор, бу ҳақда СКнинг 290-моддасида айтиб ўтилади. Хусусан, имтиёздан ёлғиз пенсионерлар, ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан алоҳида уйда бирга яшовчи пенсионерлар фойдаланади. Шунингдек имтиёз кўп болали (оилада 16 ёшга тўлмаган бешта ва ундан ортиқ болалари бўлган) боқувчисини йўқотган оилалар ва кўрсатилган моддада белгиланган фуқароларнинг бошқа тоифалари учун берилади.
Солиқ йилда бир маротаба 15 октябргача тўланади (СКнинг 294-моддаси), бунда ер солиғининг суммаси ва уни тўлаш муддати кўрсатилган тўлов хабарномаси солиқ органлари томонидан жисмоний шахсларга 1 майдан кечиктирмай берилади.
Ольга КИРЬЯКОВА,
мухбиримиз.
Ўзбекистон ва Испания фуқаролари иккиёқлама солиққа тортилмайди