14 майда Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан 2018 йил 4 майда тасдиқланган.
Йиғилишда адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ва янгиликлар ҳақида маълумот берди.
Қонун лойиҳасининг мақсади – нормаларни 1966 йил 16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштириш, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, буни рад этишнинг муайян асосларини аниқлаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини белгилаш.
Лойиҳада қуйидагиларнинг тартиби белгиланган:
- суд тартибида диний ташкилот фаолиятини тўхтатиш;
- диний ташкилотларнинг режалаштирилган фаолияти тўғрисида хабардор қилиш;
- диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш;
- диний ташкилотларни рўйхатга олиш.
Чунончи, диний ташкилотларни рўйхатга олиш мақсадида уларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сони 100 кишидан 50 кишигача қисқартирилади. Рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи миқдорларини уларнинг марказий органлари учун 100 ЭКИҲдан 20 ЭКИҲгача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача қисқартириш таклиф этилди.
Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланди.
Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича «Йўл харитаси»да 52 та тадбир амалга оширилиши назарда тутилгани, уларнинг 11 тасини 2019 йилда ўтказиш режалаштирилгани қайд этилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
матбуот хизмати материаллари асосида.