Ўзбекистон дунёдаги 150 дан ортиқ мамлакатлар томонидан тан олиниб, улар билан кенг ҳамкорлик ва дўстона алоқалар ривожланиб келмоқда.
Бунга 2016 йил 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакиллари ташриф буюрганлиги яққол мисолдир.
Ўзбекистон делегациясига адлия вазири Музраф Икрамов, Саудия Арабистони делегациясига эса адлия вазири ўринбосари Юсуф бин Абдулазиз Аль-Фарраж раҳбарлик қилди.
Мазкур тадбирни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўзининг кириш сўзи билан очиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакилларига бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий – ижтимоий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳамда икки давлат ўртасида савдо-сотиқ, иқтисодиёт, фан ва техника, маданият, спорт ва ёшлар сиёсатига оид, шунингдек икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Ушбу учрашувда чет эллик вакиллар давлатимизнинг миллий ҳуқуқ тизими ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва йўналишлари билан таништирилдилар.
Шундан сўнг, Саудия Арабистони делегацияси раҳбари Юсуф бин Абдулазиз Аль-Фарраж мезбон томонга юксак эҳтиром ва эътибор учун чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, ўз мамлакати Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва йўналишлари тўғрисида сўзлаб берди.
Учрашув ва музокаралар дўстона ҳамда амалий руҳда ўтказилди. Томонлар ҳар иккала давлат адлия вазирликлари ҳамкорлиги бўйича Меморандум лойиҳаси келишувига эришдилар ва лойиҳа делегация раҳбарлари томонидан маъқулланди. Келажакда бу ҳуқуқий хужжат қабул қилингандан сўнг икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиб, турли соҳадаги талай масалалар ўз ечимини топишида ёрдам беради.
Музокалар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакиллари иштирокида икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасидаги англашув Меморандуми лойиҳасининг муҳокамаси бўйича келишув баённомаси имзоланди.
Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги делегацияси шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва бошқа вазирлик ва идораларга ташриф буюрди.
Маъруф УСМАНОВ.
Мавзу бўйича материаллар:
Бир дарча" марказларини ташкил этиш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда
Адлия органларининг вазифаси – тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Натижалар келажак учун замин яратади
“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан жавоблар: