Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото- ва видеоқайд қилишнинг махсус воситалари ўрнатилмоқда. Баъзилар бу участкаларда “Видеоқайд қилиш” белгиси ўрнатилиши ҳамда тегишли йўл белгиси чизилиши керак деб ҳисоблашмоқда.
Тошкентда йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) бузилишини фото- ва видеоқайд қилишнинг махсус воситалари ўрнатилмоқда. Баъзиларнинг фикрича, улар амал қиладиган жойларда кўпгина хорижий давлатларда қабул қилинганидек “Видеоқайд қилиш” белгиси ўрнатилиши ҳамда тегишли йўл белгиси чизилиши керак. Бунга шундай далил келтириладики, йўлда ўрнатиладиган камералар, радарлар ва детекторлар – бу энг аввало огоҳлантириш чоралари, жазолаш эмас.
Жаҳонда илк ЙҲҚ бузилишини қайд қилиш камераси Голландиянинг Gatsometer BV компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Лекин улардан фақат 1960-йилларда фойдалана бошланди. Улар биринчи марта Буюк Британия мамлакатида ўрнатилди.
2005 йилда Буюк Британия автоҳаваскорлар Ассоциацияси раҳбарлиги остида бу мамлакатда ўрнатилган барча 5 000 та камера белгиланган расмий харита чиқарилди. Бундай харита яратилишига шундай далил келтирилдики, одамлар радар белгисини кўрган чоғларида кескин тормозга босадилар ва кўпинча фалокатга учрайдилар. Харита эса уларни бундай вазиятларга тушишдан сақлайди.
Тез орада бу тажрибани бошқа мамлакатлар аҳолиси ҳам ўрганиб олишди. Инчунун, Кипр ҳайдовчилари шунга ўхшаш харита чиқарилишини узоқ вақт талаб қилдилар ва ниҳоят бу мамлакатда барча радар ва камераларни белгилар ёрдамида белгилашни талаб қилувчи қонун қабул қилинди.
Бизнинг мамлакатимизда ҳайдовчи ва пиёдалар учун “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида” Қонун ва Йўл ҳаракати қоидалари амал қилмоқда. Бироқ ЙҲҚга 1-иловада кўрсатилган йўл белгилари орасида фото- ёки видеоқайд қилиш тўғрисида огоҳлантирувчи белги йўқ.
Ишонамизки, яқин вақтларда, хорижий мамлакатларнинг ижобий тажрибасидан келиб чиқиб, бизда ҳам фото- ва видеоқайд қилиш воситалари қўлланадиган жойларда тегишли белгилар қонунийлаштирилади ва ўрнатилади.
Ахтам ХИКМАТОВ,
адвокат.