Вазирлар Маҳкамасининг
2003 йил 31 январдаги
54-сон қарорига
ИЛОВА
Мазкур Низомга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
ЎзР ВМ 29.04.2004 й. 203-сон Қарори,
ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори,
ЎзР ВМ 01.11.2012 й. 313-сон Қарори,
ЎзР Президентининг 25.12.2012 й. ПҚ-1887-сон Қарори,
ЎзР ВМ 03.03.2014 й. 45-сон Қарори,
ЎзР ВМ 11.09.2014 й. 259-сон Қарори
I. Умумий қоидалар
II. Техника хизмати кўрсатиш станцияларида
техник кўрикни ташкил этиш тартиби
III. Юридик шахсларнинг транспорт воситаларини
техник кўрикдан ўтказишни ташкил этиш
IV. Троллейбуслар ва трамвайларни техник
кўрикдан ўтказишни ташкил этиш
V. Жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини
техник кўрикдан ўтказишни ташкил этиш
VI. Техник кўрикни ўтказиш тартиби
VII. Якуний қоидалар
1-илова. Транспорт воситаларининг техник ҳолатини
текширишни ва уларни мажбурий техник кўрикка
тайёрлашни ўтказишга Рухсатнома
2-илова. Транспорт воситасининг техник
ҳолати тўғрисида Маълумотнома
3-илова. Транспорт воситалари гуруҳини мажбурий
техник кўрикдан ўтказиш Далолатномаси
4-илова. Алоҳида транспорт воситасини
техник кўрикдан ўтказиш Далолатномаси
4а-илова. Газ ёнилғисида ишлаш учун қайта
жиҳозланган алоҳида транспорт воситасини
техник кўрикдан ўтказиш Далолатномаси
5-илова. Техник кўрикдан ўтказиш
тўғрисидаги талони
I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1. Мазкур Низом "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 13-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган ва автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамаларни, шунингдек шаҳар электр транспортини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди.
2. Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўриги (кейинги ўринларда матнда "техник кўрик" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари (кейинги ўринларда матнда "ДЙҲХХ" деб юритилади) томонидан мазкур Низомга мувофиқ ўтказилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
3. Қуйидагилар техник кўрикдан ўтказишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:
транспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан самарали назоратни ташкил этиш;
транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги техник регламентлари ёки стандартлари, қоидалари, нормаларига мувофиқлигини баҳолаш; (ЎзР ВМ 03.03.2014 й. 45-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
транспорт воситалари сонини, уларнинг ҳолатини, амалда мавжудлигини, тегишлилигини ва бошқа рўйхатдан ўтказиш маълумотларни аниқлаштириш;
йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан профилактика ишларини ташкил этиш;
йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни бузишлар ва жиноятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва барҳам бериш.
4. Юридик ва жисмоний шахсларга, шу жумладан хорижий юридик ва жисмоний шахсларга тегишли бўлган ва белгиланган тартибда ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари, шунингдек троллейбуслар ва трамвайлар (кейинги ўринларда матнда "транспорт воситалари" деб юритилади) мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши керак. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтган хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига, халқаро (давлатлараро, ҳукуматлараро) ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналарига, шунингдек ушбу ваколатхоналар ва ташкилотларнинг ходимларига ва уларнинг оила аъзоларига қарашли бўлган автомототранспорт воситалари ва уларга тиркамалар ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда техник кўрикдан ўтказилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)
5. Транспорт воситалари қуйидаги даврийликка мувофиқ техник кўрикдан ўтказилиши керак:
а) тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари, йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар - бир йилда икки марта;
б) ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - икки йилда бир марта;
в) ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига беш йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларидан ташқари) - бир йилда бир марта;
г) тиркамалар кўрикка транспорт воситаси - шатакчи учун белгиланган муддатларда тақдим этилади.
ДЙҲХХ органларида рўйхатдан ўтказилган кундан бошлаб улардан фойдаланишнинг биринчи йили мобайнида транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилмайди, мазкур банднинг "а" кичик бандида кўрсатилганлардан ташқари. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
6. Мазкур Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситаларининг техник кўриги:
биринчи марта - 1 март - 30 июнда;
иккинчи марта - 1 сентябрь - 31 октябрда ўтказилади.
Юридик шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 март - 30 июнда ўтказилади.
Жисмоний шахсларга қарашли бўлган транспорт воситаларининг техник кўриги 1 январь - 31 августда ўтказилади.
Транспорт воситаси техник кўрикка белгиланган муддатлардан олдин тақдим этилиши мумкин. Ушбу ҳолда транспорт воситасини техник кўрикка тақдим этиш муддатини ўзгартириш тўғрисидаги қарор транспорт воситаси эгаси - юридик ёки жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ДЙҲХХнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан қабул қилинади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
7. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганлиги учун (мототранспорт, тиркамалар ва ярим тиркамалардан ташқари) энг кам ойлик иш ҳақининг ўндан бир қисми миқдорида йиғим ундирилади.
Мазкур Низомнинг 5-банди "а" кичик бандида кўрсатилган транспорт воситалари иккинчи марта техник кўрикдан ўтказилганлиги учун йиғим ундирилмайди.
Мототранспорт, тиркамалар, яримтиркамалар техник кўрикдан ўтказилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг йигирмадан бири миқдорида йиғим ундирилади.
Биринчи (олдинги) техник кўрикда носоз деб топилган транспорт воситалари такрорий техник кўрикдан ўтказилганлиги учун белгиланган миқдорларда йиғим ундирилади.
Техник кўрик ўтказилганлиги учун йиғим суммаси тегишли маҳаллий бюджетга ўтказилади. (ЎзР Президентининг 25.12.2012 й. ПҚ-1887-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
II. ТЕХНИКА ХИЗМАТИ КЎРСАТИШ СТАНЦИЯЛАРИДА
ТЕХНИК КЎРИКНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ
8. Транспорт воситаларини техник кўрикка тайёрлаш ва ўтказиш учун вазирликлар ва идораларнинг, бошқа ташкилотларнинг, шунингдек хусусий эгаликдаги зарур шароитлар ва ускуналарга эга бўлган техника хизмати кўрсатиш станциялари (кейинги ўринларда матнда "ТХС" деб юритилади), мулкчилик шаклларидан қатъи назар, шартнома асосида жалб этилиши мумкин. (ЎзР ВМ 01.11.2012 й. 313-сон Қарори таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)
ЎзР ВМ 01.11.2012 й. 313-сон Қарорига мувофиқ 9-банд ўз кучини йўқотган
9. ТХСнинг транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширишга тайёрлиги техник кўрик олдидан тегишли назорат ускуналари, норматив-техник ва технология ҳужжатлари мавжудлигини, шунингдек диагностика воситалари мавжудлиги ва уларнинг созлигини аниқлаш, уларнинг ўз вақтида аттестациядан ўтказилганлигини ва метрология хизматлари томонидан текширилганлигини текшириш йўли билан ТХСнинг буюртмасига кўра ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмаси томонидан аниқланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Ижобий хулоса берилган тақдирда икки йил муддатга амал қилувчи тегишли рухсатнома (1-илова) расмийлаштирилади. Рухсатноманинг амал қилиш муддати мазкур банд талабларига мувофиқ такрорий текширишдан кейин узайтирилади.
ЎзР ВМ 01.11.2012 й. 313-сон Қарорига мувофиқ 10-банд ўз кучини йўқотган
10. ТХСда транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш ва уларни техник кўрикка тайёрлашда чоғида камчиликлар ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда ДЙҲХХ органлари транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш ва мажбурий техник кўрикка тайёрлаш учун берилган рухсатноманинг амал қилишини улар бартараф этилгунга қадар тўхтатиб туради. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
11. ТХСда транспорт воситасининг техник ҳолатини текшириш транспорт воситалари эгаларининг хоҳишига кўра ўтказилади.
12. ТХС транспорт воситаларининг эгалари билан белгиланган тартибда тузилган шартнома асосида техник ҳолатни текширади, техник носозликларни бартараф этади, транспорт воситаларини таъмирлайди.
13. Текширишдан ўтган ва соз деб эътироф этилган ҳар бир транспорт воситасига ТХС техник ҳолат тўғрисидаги маълумотномани (2-илова) расмийлаштиради ва беради.
14. ТХСнинг транспорт воситасининг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси берилган кундан бошлаб ўн кун мобайнида (бироқ мазкур Низомнинг 6-бандида назарда тутилган муддатлардан кеч бўлмаган муддатда) амал қилади ва транспорт воситаларининг техник ҳолатини текширмасдан уларни техник кўрикдан ўтказиш натижалари ДЙҲХХ органларида расмийлаштирилиши учун асос бўлиб хизмат қилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
III. ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ
ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
15. Техник кўрик транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилган (вақтинча рўйхатдан ўтказилган) жойда:
зарур шарт-шароитларга (техник диагностика ускуналарига, кўтариш мосламаларига ёки қараб чиқиш учун чуқурчаларга, назорат-ўлчаш асбобларига, асфальт ёки бетон қопланган бир текис горизонтал майдончага) ва малакали мутахассисларга эга бўлган ташкилотларда;
техника хизмати кўрсатиш станцияларида;
ДЙҲХХнинг диагностика станцияларида; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
ДЙҲХХ органлари томонидан ўрнатилган техник назорат постларида ўтказилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Юридик шахсларнинг транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойлари ДЙҲХХнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Ташкилотларда техник кўрик бошлангунга қадар барча диагностика аппаратлари текширилиши ва иш ҳолатига келтирилиши зарур.
16. Техник кўрикни ташкил этиш жадвал тузиш билан режалаштирилади, жадвалда техник кўрик ўтказиш жойи, санаси ва вақти, кўрикка қўйилаётган транспорт воситалари сони тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.
Жадвал юридик шахсларнинг буюртманомалари ва диагностика станцияларининг техник имкониятлари, об-ҳаво-иқлим, ишлаб чиқариш шароитлари ва бошқа шароитлар ҳисобга олган ҳолда ДЙҲХХ ҳудудий органлари томонидан тузилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
17. Бир кунда техник кўрикка қўйиладиган транспорт воситалари сони мавжуд диагностика ва назорат-ўлчаш ускуналарининг кунлик унумдорлигидан келиб чиқиб белгиланади.
18. Техник кўрикни ўтказиш жадвали ва уни ўтказиш бўйича комиссиянинг таркиби ҳар йили 15 февралгача Тошкент шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг тегишли тумани (шаҳари) ҳокимларининг қарори билан тасдиқланади. Бунда комиссия таркибига Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ҳудудий бўлинмаси, трамвай-троллейбус парклари, бошқа давлат органлари, шунингдек нодавлат, нотижорат ташкилотларнинг вакиллари киритилади.
ДЙҲХХ ҳудудий органининг (Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва вилоятлар ички ишлар бошқармалари туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг автомототранспорт воситаларининг техник ҳолати, улардан фойдаланиш нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш бўлими (бўлинмаси, гуруҳи) вакили (кейинги ўринларда матнда - ДЙҲХХ ходими) комиссия раиси ҳисобланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
19. Юридик шахсга техник кўрик ўтказиладиган муддатлар тўғрисидаги билдиришнома юборилади, унга транспорт воситалари гуруҳлари (3-илова) ёки алоҳида транспорт воситаси (4-илова) техник кўрик далолатномаси бланклари илова қилинади. Техник кўрик далолатномалари бланклари талаб этиладиган маълумотлар кўрсатилган ҳолда (техник ҳолат тўғрисидаги маълумотлардан ташқари) транспорт воситалари рўйхатига мувофиқ тўлдирилади. Транспорт воситалари гуруҳининг техник кўриги далолатномасида кўрсатилган транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлар ДЙҲХХнинг тегишли органларида ҳисобга олиш маълумотлари билан таққосланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
20. Техник кўрик ташкилотларда, диагностика станцияларида ва техника хизмати кўрсатиш станцияларида иш вақтида, техник назорат постларида иш кунларининг кундузги ва тунги вақтларида ёки ҳафтанинг дам олиш кунларидан бирида ўтказилади.
21. Бошқа юридик ёки жисмоний шахсларга ижарага берилган транспорт воситалари ижарага берувчида ёхуд улар вақтинчалик рўйхатдан ўтказилган жойдаги ДЙҲХХ органларида ижарага берувчи учун белгиланган муддатларда техник кўрикдан ўтади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
22. Техник кўрик бошланишидан камида ўн кун олдин юридик шахс ДЙҲХХнинг ҳудудий органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади: (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
юридик шахснинг раҳбари, бош бухгалтер (бош бухгалтер функциясини бажарувчи шахс) томонидан имзоланган, юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланган техник кўрик далолатномасининг бир нусхаси;
техник кўрикдан ўтказганлик учун йиғимнинг белгиланган суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириғи, квитанция);
мукаммал таъмирлашда, хизмат сафарида бўлган, ижарага берилган ёки сотишга қўйилган транспорт воситалари сонини тасдиқловчи маълумотлар;
газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг амалдаги давлат стандартларига мослиги ҳақидаги сертификатлаштириш органи томонидан берилган мувофиқлик сертификати нусхаси; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг газ баллонларини синовдан ўтказиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси мавжуд бўлган ташкилот томонидан газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларининг газ баллонлари синовдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатнома нусхаси. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
IV. ТРОЛЛЕЙБУСЛАР ВА ТРАМВАЙЛАРНИ ТЕХНИК
КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ
23. Троллейбуслар ва трамвайлар техник ҳолатининг Трамвай ва троллейбусдан техник фойдаланиш қоидалари, нормативлар ва стандартларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги ва техника хавфсизлигини таъминлашга тегишли қисми талабларига мувофиқлиги троллейбуслар ва трамвайларни давлат техник кўригидан ўтказишнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
24. Йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларидан ҳеч бўлмаганда биттасига жавоб бермайдиган троллейбус ва трамвайлар носоз деб ҳисобланади.
25. Техник кўрикка қўйилган, бироқ техник носозлик туфайли кўрикдан ўтмаган трамвайлар ва троллейбуслар фойдаланиш учун қўйилмайди.
26. Ўтказилган техник кўрик натижалари бўйича мазкур Низомда белгиланган тартибда ҳужжатлар тузилади ва расмийлаштирилади.
V. ЖИСМОНИЙ ШАХСЛАРГА ТЕГИШЛИ ТРАНСПОРТ
ВОСИТАЛАРИНИ ТЕХНИК КЎРИКДАН ЎТКАЗИШНИ
ТАШКИЛ ЭТИШ
27. Жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситасини навбатдаги техник кўрикка қўйиш санаси жорий кўздан кечириш пайтида ДЙҲХХ органлари ходимлари томонидан белгиланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Техник кўрикни бир текис ўтказиш мақсадида ДЙҲХХ органлари жадваллар тузиши ва транспорт воситалари эгаларига транспорт воситаларини техник кўрикка қўйишнинг аниқ саналари (ойлари)ни тавсия этишлари мумкин. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
28. Техник кўрик транспорт воситалари рўйхатдан ўтказиладиган (вақтинча рўйхатдан ўтказиладиган) жойдаги:
техника хизмати кўрсатиш станцияларида;
ДЙҲХХнинг диагностика станцияларида; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
ДЙҲХХ органлари томонидан белгиланган техник назорат постларида; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
транспорт воситаларининг техник ҳолатини текшириш учун зарур шарт-шароитларга эга бўлган жамоавий гараж ҳудудида, автомобиллар тўхташ жойларида ўтказилади.
29. Транспорт воситаларининг техник кўриги ўтказиладиган жой ДЙҲХХ органлари томонидан белгиланади. Транспорт воситаларининг техник кўриги иш кунларининг кундузги ва тунги вақтларида ёки ҳафтанинг дам олиш кунларининг бирида ўтказилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
30. Техник кўрикдан ўтказиш учун транспорт воситаси эгаси ёки унинг ваколатли шахси томонидан қуйидаги ҳужжатлар кўрсатилади:
паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат (ҳарбий хизматчилар - шахсий гувоҳнома ва турар жойидан маълумотнома; Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитация қилинган хорижий ташкилотлар ходимлари - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ёки Адлия вазирлигида белгиланган тартибда аккредитация қилинган халқаро ва хорижий ташкилотлар ходимлари тегишли равишда Ташқи ишлар вазирлиги ёки Адлия вазирлиги томонидан аккредитация қилинганлиги тўғрисида белги қўйилган аккредитация карточкалари ва миллий паспортлари; бошқа хорижий фуқаролар - ички ишлар органларида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйилган миллий паспортлари ёки Ўзбекистон Республикасида яшаш рухсатномаси; фуқаролиги бўлмаган шахслар - Ўзбекистон Республикасида яшаш рухсатномаси); (ЎзР ВМ 29.04.2004 й. 203-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
техник кўрикдан ўтказишга берилган транспорт воситасига мувофиқ тоифадаги транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига ҳайдовчи гувоҳномаси;
транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказилгани тўғрисида гувоҳнома (техник паспорт, техник талон);
транспорт воситасини бошқаришга яроқлилик тўғрисида белгиланган шаклдаги тиббий маълумотнома;
"Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекциясининг газ баллонларини синовдан ўтказиш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси мавжуд бўлган ташкилот томонидан газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларининг газ баллонлари синовдан ўтказилганлиги тўғрисидаги далолатнома; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
сертификатлаштириш органи томонидан берилган газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларига ўрнатилган газ баллонларининг мувофиқлик сертификати нусхаси; (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ олтинчи-саккизинчи хатбошилар саккизинчи-ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин
қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
техник кўрикдан ўтиш учун белгиланган йиғим суммаси тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (тўлов топшириқномаси, квитанция);
техник кўрикдан ўтказиш шохобчасининг транспорт воситасининг техник ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси - шундай маълумотнома бўлганда.
31. Транспорт воситасини техник кўрикдан ўтказиш жойига олиб бориш мумкин бўлмаган тақдирда унинг эгаси белгиланган муддатларда ДЙҲХХнинг ҳудудий органига ёзма ариза ва ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатларни тақдим этади (ҳайдовчи гувоҳномаси, техник кўрикдан ўтказиш учун йиғим тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат ва тиббий маълумотнома бундан мустасно). Бунда ДЙҲХХнинг ҳудудий органи ходими рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига (техник паспортга, талонга) носозлик тўғрисида "NOSOZ" ёзувини қайд қилади ва шахсий имзо ва муҳр (штамп) билан тасдиқлайди. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Носозлик бартараф этилгандан кейин транспорт воситаси эгаси уни, ушбу Низомнинг 30-бандида кўрсатилган ҳужжатларни кўрсатган ҳолда техник кўрикка қўяди.
32. Эгасининг йўқлиги ёки касаллиги оқибатида техник кўрикдан белгиланган муддатларда ўтказилмаган транспорт воситалари эгаси қайтиб келгандан ёки соғайгандан кейин 10 кун мобайнида техник кўрикдан ўтказилади.
VI. ТЕХНИК КЎРИКНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ
33. Транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказишга ДЙҲХХ органлари томонидан кўрсатилган жойга қўйилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
34. Ҳар қайси транспорт воситасининг техник кўриги рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномада (техник паспортда, техник талонда) кўрсатилган маълумотларга транспорт воситаси тури, маркаси, модели, давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгилари, шасси (рама), кузов ва двигателнинг идентификациялаш рақамларининг мувофиқлигини текширишдан бошланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
35. Ҳар қайси транспорт воситасининг техник ҳолати ва жиҳозлари техник регламентлар ёки стандартлар талабларига, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ва нормаларига мувофиқлиги жиҳатидан текширилади. (ЎзР ВМ 03.03.2014 й. 45-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Газ ёнилғисида ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларини техник кўздан кечиришда газ баллонларининг фойдаланиш муддати, ишлаб чиқарилган йили, завод рақами, газ баллонларини синовдан ўтказиш муддатлари, газ баллони анжомларининг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳам текширилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
36. Тиркамалар ва ярим тиркамаларнинг техник ҳолати ҳам автопоезд таркибида, ҳам алоҳида турган ҳолатида текширилади.
37. Техник кўрикдан ўтган транспорт воситаларига тегишли далолатнома тузилади (3, 4 ёки 4а-иловалар). (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)
Техник кўрикдан ўтган транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасига (техник паспортига, талонига) ДЙҲХХ органининг ходими белгиланган намунада штамп қўяди, созлиги тўғрисида "SOZ" сўзини қайд этади, имзо билан тасдиқлайди ва техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисида талон беради (5-илова). (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонни (ёки дубликатни) берганлик учун йиғим ундирилмайди.
ДЙҲХХ ходими техник кўрикдан ўтказилгани тўғрисидаги талоннинг йил ойлари рим рақамлари билан кўрсатилган ўнг ёки чап қисмидаги квадратлардан биттасини қирқиб олади (компостёр қилади, ўчиради). Қирқиб олинган квадрат транспорт воситасини навбатдаги техник кўрикка қўйилиши керак бўлган муддатни белгилайди. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Техник кўрикдан ўтгани тўғрисидаги талон навбатдаги техник кўрик ўтказилгунгача сақланади.
38. Техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талон йўқолганда (ёки яроқсизланганда) юридик ёки жисмоний шахс - транспорт воситаси эгасининг ёзма аризасига кўра ДЙҲХХнинг рўйхатдан (вақтинчалик рўйхатдан) ўтказилган жойдаги органи кўрикдан ўтказилганлик фактини текширади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Кўрикдан ўтганлиги факти тасдиқланганда ва ушбу Низомнинг 30-бандида назарда тутилган ҳужжатлар кўрсатилганда талон дубликати расмийлаштирилади ва берилади. Бунда транспорт воситасининг техник ҳолати текширилмайди ва уни навбатдаги техник кўрикдан ўтказишга қўйиш муддати ўзгармайди.
39. Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасининг рухсатномасини олиш талаб қилинадиган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларга эга бўлган транспорт воситаларида тегишли рухсатноманинг мавжудлиги текширилади. (ЎзР ВМ 11.09.2014 й. 259-сон Қарори таҳриридаги банд)
40. Махсус ва тезкор хизматлар транспорт воситаларида махсус рангли ва овозли сигналлар қурилмаларининг мавжудлиги, созлиги ва қонунийлиги, шунингдек транспорт воситасининг ранг-график бўяш схемаларининг техник регламентлар ёки стандартлар талабларига мувофиқлиги текширилади. (ЎзР ВМ 03.03.2014 й. 45-сон Қарори таҳриридаги банд)
41. Консервацияга қўйилган транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишда уларнинг бутлиги текширилади. Транспорт воситасининг соз ҳолатдалигига шубҳа туғдирадиган сабаблар мавжуд бўлганда транспорт воситасини ғилдиракларини чиқариш учун тагликлардан қўзғатмаган ҳолда унинг двигатели ва трансмиссиясининг ишлай олиши текширилади.
42. Техник кўрик натижалари транспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш карточкасида, шунингдек Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ҳудудий органларининг ҳисобга олиш ҳужжатларида қайд этилади.
43. Жисмоний шахс томонидан транспорт воситасини (носозлиги ёки бошқа узрли сабаблар туфайли) техник кўрикдан ўтказишга қўйиш имконияти бўлмаган тақдирда рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, ҳисобдан чиқариш учун ёки (битта транспорт воситасини кўрикдан ўтказиш далолатномасини албатта тақдим этиш талаб қилинадиган) бошқа ҳолатларда транспорт воситаси эгасининг ёзма аризасига кўра ДЙҲХХнинг ҳудудий органи ходими томонидан у жойлашган жойда, битта транспортни кўрикдан ўтказиш далолатномаси тузилган ҳолда техник кўрикдан ўтказилиши мумкин. Далолатнома берилган вақтидан бошлаб 30 кун мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
44. Техник ҳолати ва жиҳозлари йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларидан ҳатто биттасига жавоб бермайдиган транспорт воситаси ҳам носоз ҳисобланади ва ундан фойдаланиш тақиқланади.
Техник кўрикдан ўтказишда ДЙҲХХ органлари томонидан техник жиҳатдан носоз деб топилган транспорт воситасининг, шунингдек техник ҳолати белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ёки тегишли рухсатномасиз қайта жиҳозланган транспорт воситасининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақами белгилари камчиликлар ва носозликлар бартараф этилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда ечиб олинади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ киритилган хатбоши)
ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарорига мувофиқ иккинчи ва учинчи хатбошилар учинчи ва тўртинчи хатбошилар деб ҳисоблансин
Бундай транспорт воситасини такрорий кўрикдан ўтказиш олдинги кўрикдан ўтказилган вақтидан бошлаб йигирма кундан кечикмай, ушбу Низомда белгиланган тартибда ўтказилади. Бу ҳолда техник ҳолатни текшириш фақат олдинги кўрикдан ўтказишда йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқ бўлмаган кўрсаткичлар бўйичагина ўтказилади.
Транспорт воситаси олдинги кўрикдан ўтказиш вақтидан бошлаб 20 кундан ортиқ бўлган муддатда такрорий кўрикдан ўтказишга қўйилган тақдирда техник ҳолатни текшириш тўлиқ ҳажмда ўтказилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР
45. Техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги штамп намунаси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади. Штампларни тайёрлаш, шунингдек улар билан ДЙҲХХнинг ҳудудий органларини таъминлаш Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар ички ишлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси томонидан амалга оширилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги банд)
46. Техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги талон тавсифи Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади. Талон қатъий ҳисобда турадиган бланка ҳисобланади, уни тайёрлаш, сақлаш, сарфлаш ва ҳисобга олиш белгиланган тартибда ДЙҲХХ органлари томонидан, амалга оширилади. (ЎзР ВМ 22.02.2012 й. 49-сон Қарори таҳриридаги хатбоши)
Талон бланкаларини тайёрлаш харажатларини маблағ билан таъминлаш марказлаштирилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан республика бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади.