? Агар ҳайдовчи иш вақтида хизмат автосида Йўл ҳаракати қоидаларини бузиб бошқа автомобиль билан тўқнашса, ушбу ҳолатда бошқа автомобиль ҳайдовчиси, яъни жабрланувчига етказилган зарарни ким қоплайди?
Ходим меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида келтирган зарарни қоплаш бўйича мажбурият ташкилотнинг мажбурияти ҳисобланади. Зарар етказишдан келиб чиқадиган мажбуриятлар Фуқаролик кодексининг (ФК) 57-боби билан тартибга солинади.
ФКнинг 989-моддасига мувофиқ юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказган зарарни қоплайди.
Кўрсатилган бу қоида маънавий зарар етказилган ҳолатларга ҳам татбиқ қилинади (ОС Пленумининг 2000 йил 28 апрелдаги 7-сон қарори 5-банди).
Ушбу бобнинг қоидаларига мувофиқ, меҳнат шартномаси асосида, шунингдек фуқаровий-ҳуқуқий шартнома асосида иш бажараётган фуқаролар, агар бунда ишларни бехатар олиб бориш юзасидан тегишли юридик шахснинг ёки фуқаронинг топшириғи бўйича ёки назорати остида ҳаракат қилган бўлсалар ёки ҳаракат қилишлари лозим бўлган бўлса, ходимлар деб эътироф этиладилар.
Яъни, ўз лавозим мажбуриятларини бажараётганда ҳайдовчи ходим айби билан бошқа шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича мажбурият, дастлаб иш берувчига юклатилади.
Гарчи иш берувчи компания ўзининг ҳайдовчи ходимлари йўл қўйган қоида бузилишлар учун жавоб беришга мажбур бўлсада, жарималарнинг молиявий юкини ўз гарданига бутунлай ва батамом олишга мажбур эмас. Қонун ходим ўз меҳнат мажбуриятларини бажариб турган вақтида келтирган зарарни қоплаган иш берувчига қопланган зарарни (қайта талаб қилиш ҳуқуқи - регресс) ундан компенсация қилишни талаб қилишга ҳуқуқ беради.
Агар ходимдан ундирилиши лозим бўлган келтирилган зарарнинг суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан ошиқ бўлса ёки зарар аниқланган санадан бошлаб бир ойлик муддат ўтган бўлса, ундирув суд тартибида амалга оширилади.
Бунда шуни ёдда тутиш лозимки, регресс талаб ҳар доим ҳам иш берувчининг барча талофатларини қоплай олмайди, чунки суд айбнинг даражаси ва шакли, аниқ ҳолатлар ва ходимнинг моддий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ундирилиши лозим бўлган зарар миқдорини камайтириши мумкин. Суд унинг миқдорини пасайтириш тўғрисида келишув битимини тасдиқлашга ҳақли.
Агар жиноят ғаразли мақсадда содир этилганлиги аниқланса, ходимдан ундириладиган миқдорнинг пасайтирилишига йўл қўйилмайди.
Шундай қилиб, бумеранг тамойили бирга ишлайди, у ким томонидан улоқтирилган бўлса, ўшанга қайтади: ходим ЙҲҚларини бузади, ташкилот олдин ўзининг ходими айби билан юзага келган жарималарни тўлайди, кейин эса қоплаш тартибида унга молиявий талаблар қўяди. Агар ходим ўзи йўл қўйган қоида бузишлар учун моддий зарарни ихтиёрий қоплашдан бўйин товласа, иш берувчи судга мурожаат қилишга ҳақли.
Елена ЕРМОХИНА,
бизнинг эксперт-юристимиз.