? Менда бўш турган квартира бор. Уни эгасиз деб тан олишлари мумкинми?
Амалдаги қонунчиликка кўра уй-жойлар фақат мол-мулкнинг мулкдори ёки у тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда эгасиз деб тан олиниши мумкин. Бинони эгасиз деб тан олиш учун суд қарори зарур, унинг асосида мол-мулк давлат мулкига ўтказилиши мумкин.
Қандай шартлар ва вазиятларда бўш турган бинолар эгасиз деб тан олиниши мумкин? Бунинг учун нафақат бино 6 ойдан кўп муддат бўш туриши, яъни унда қонуний яшаш ҳуқуқига эга яшовчиларнинг мавжуд эмаслиги, балки коммунал харажатлар ва уни сақлаш хизматлари бўйича қарздорлик вужудга келган бўлиши керак.
Яшовчилар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотни фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари (маҳалла) тасдиқлайди ёки рад этади, қарздорлик мавжудлиги эса ХУМШ ва коммунал хизматлар етказиб берадиган корхоналар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ўрнатилади.
Бинони эгасиз деб тан олишнинг яна бир анча аҳамиятга эга бўлган шарти унинг сақланишини ва лозим даражада сақлашни таъминламаслик ҳисобланади, бунинг натижасида бино вайрон бўлади ёки бошқа шахслар унга путур етказади. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ХУМШ билан биргаликда ички ишлар органлари профилактика инспектори иштирокида тузилган далолатнома бундай фактнинг тасдиғи бўлади.
Юқорида таърифланган белгиларга эга турар жойлар аниқланганда мол-мулк мулкдорини топиш чоралари кўрилади. У мавжуд бўлмаганда шаҳар (туман) ҳокимликлари аризасига кўра кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни ва улар билан боғлиқ битимларни тегишли давлат рўйхатидан ўтказиш органларида бинони ҳисобга қўйиш учун асос вужудга келади.
МУҲИМ! Уй-жой мулкдори:
озодликдан маҳрум этиш жойларида жазо муддатини ўтаётган;
даволаниш, ўқиш, меҳнат фаолияти муносабати билан Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган;
муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган;
Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида узоқ даволанаётган бўлса, уй-жой биносини ҳисобга қўйишга йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз! 25.04.2016 йилдаги ЎРҚ-405-сон Қонун билан ички ишлар органларига фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва ХУМШ билан биргаликда турар жойлардан фойдаланилиши, яшаётган шахсларнинг ҳисобга олиниши ва тегишли шартномаларнинг мавжудлиги юзасидан назоратни амалга ошириш юклатилди.
Елена ЕРМОХИНА,
эксперт-юристимиз.