? Сентябрь ойида менинг автомобилимни техник кўрикдан ўтказиш муддати келади. Эшитишимча, уни энди фақат июнь ва август ойларида ўтказишади. Шу тўғрими?
− Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларини техник кўрикдан (ТК) ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.01.2003 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан тартибга солинади.
Низомга асосан юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари 2 йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади. Бунда шунга изоҳ бериб ўтиш жоизки, уларнинг транспортлари тижорат асосида йўловчилар ташиш учун фойдаланиладиган 1 ёки йирик габаритли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш учун махсус транспорт воситалари ва уларга тиркамалар бўлиши керак. ТК биринчи марта – 1 мартдан 30 июнга қадар, иккинчи марта – 1 сентябрдан 31 октябрга қадар ўтказилади.
Ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан кўп бўлмаган (ишлаб чиқарилган йили ҳам шу жумлага киради) автомобилни, юқорида кўрсатилган транспорт воситалари бундан мустасно, техник кўрикдан 2 йилда 1 марта ўтказиш зарур.
Ишлаб чиқарилган йилини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқарилганлигига 5 йилдан ортиқ бўлган транспорт воситалари, шунингдек ишлаб чиқарилган вақти аниқланмаган транспорт воситалари (юқорида кўрсатилган транспорт воситалари бундан мустасно), йилда 1 марта техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Бунда юридик шахсларга тегишли транспорт воситалари 1 мартдан 30 июнга қадар, жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситалари эса 1 сентябрдан 31 октябрга қадар ТКдан ўтказилади.
ТКни ўтказиш транспорт воситасига боғлиқ ҳолда пулли асосда амалга оширилади, йилда 2 марта техник кўрикдан ўтказилиши лозим бўлган иккинчи марта техник кўрикдан ўтказиш бундан мустасно.
Йиғим ТКни ўтказиш учун:
транспорт воситалари учун (мототранспорт, тиркама ва яримтиркамалар бундан мустасно) – ЭКИҲнинг 0,1 миқдорида;
мототранспорт, тиркама ва яримтиркамалар учун - ЭКИҲнинг 0,05 миқдорида ундирилади. Тиркамаларни ТКдан ўтказиш ярим тиркамалар (транспорт воситаси яримтиркама деб эътироф этилганда) учун белгиланган муддатларга ўтказилади.
ТК мавжуд эмаслиги учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 125-моддаси билан назарда тутилган жавобгарлик мавжудлигини эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмайди:
ҳайдовчиларнинг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган ёки мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган ... транспорт воситаларини бошқариши ЭКИҲнинг ярим баравари миқдорида (59 200 сўм) жарима солишга сабаб бўлади
Елена Ермохина,
эксперт-юристимиз.
____________________
1 Енгил автомобиллар, автобуслар, троллейбуслар, трамвайлар ва ўтириладиган жойлар сони 8 та ва ундан ортиқ бўлган (ҳайдовчининг ўрнидан ташқари), одамларни мунтазам ташиш учун жиҳозланган юк автомобиллари..