Иш берувчи тасдиқланган жадвалга кўра бошқа вақтда олиши кераклигини важ қилиб, ходимга йиллик таътил беришни рад этиши мумкинми? Бу саволга меҳнат муносабатлари соҳасидаги эксперт Абдусалом Рисқуллаев жавоб беради.
– Таътилларни бериш вақти ва навбати Меҳнат кодексининг 144-моддаси билан тартибга солинган. Ушбу нормага мувофиқ, йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади. Жадвалга амал қилиниши учун уларнинг ўзи жавобгар бўлади. Ушбу нормалар корхона узлуксиз равишда ишлашини таъминлаш ва айни пайтда ходимларнинг дам олиш ҳуқуқига риоя этиш учун зарур.
Шу модданинг ўзида айтилишича, таътилдан фойдаланишнинг жадвалда белгиланган вақти ходим билан иш берувчининг келишувига биноан ўзгартирилиши мумкин. Таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида 15 кун олдин хабардор қилиниши керак.
Кодексда иш берувчи таътилни режалаштиришда уларнинг хоҳишини инобатга олишга мажбур бўлган шахслар рўйхати белгиланган. Булар ходимларнинг қуйидаги тоифаларидир:
- ўн тўрт ёшга тўлмаган битта ёки ундан ортиқ болани (ўн олти ёшга тўлмаган ногирон болани) тарбиялаётган ёлғиз ота, ёлғиз она (бева эркаклар, бева аёллар, никоҳдан ажрашганлар, ёлғиз оналарга) ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларнинг хотинлари;
- I ва II гуруҳ ногиронлари;
- 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари бўйича уларга тенглаштирилган шахслар;
- таълим муассасаларида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётганлар;
- жамоа шартномаси ёки келишувида назарда тутилган бошқа тоифалар.
Бу – муҳим! Ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинларининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади.
Дам олиш ва таътил вақтини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш – етарлича сиғимдор ва катта мавзу. Профессионал ривожланиш марказидаги «Кадрлар ишини юритиш» ўқув курси доирасида ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ўқиш 2018 йил 11 июнда бошланиши режалаштирилган.
Бу ерда курс дастури билан танишиш ва унга ёзилиш мумкин.