Воситачилик шартномаси бўйича бухгалтерия проводкалари ва товар-моддий захираларни инвентаризациядан ўтказиш бухгалтер учун бош оғриғи бўлиши мумкин. «TRI-S-AUDIT» аудиторлик компанияси вакили Вера Тюрина шу ҳақда батафсил сўзлаб беради.
Ишлаб чиқариш корхоналари сони кун сайин ортиб бормоқда. Кўпгина ишлаб чиқарувчилар янги товар билан бозорга чиқишни ният қилмоқдалар, бироқ унинг рақобатбардошлигига ишончлари комил эмас, савдо компаниялари билан ҳам ишлаб кўрмаганлар. Бунда корхона раҳбари нафақат товарни мустақил сотиш, балки сотув ҳажмларини назорат қилиш имконини берадиган шартнома тузишни режалаштиради. Фуқаролик кодекси ва амалиётда бундай имконият назарда тутилган. Воситачилик ёки топшириқ шартномалари энг кенг тарқалган шартномалар ҳисобланади. Битим натижаларига кўра ишлаб чиқарувчи товарларни сотишдан маблағ олади, уларни сотган компания эса кўрсатилган хизматлар ҳақини қўлга киритади.
Бухгалтерлар бундай шартномалар билан ишлашда қийналадилар. Бунинг сабабларидан бири шундаки, бухгалтерлар услубий материаллар билан қизиқмайдилар, хусусан, Фуқаролик кодексига назар ташламайдилар, балки фақат 21-сон Бухгалтерия ҳисоби миллий стандарти ва Солиқ кодекси моддаларига таянадилар. Бошқа сабаби – янгиланган услубий материаллар чиқарилмай қўйганига анча вақт ўтганида. Воситачилик шартномалари бўйича операцияларни ҳужжатлаштириш, шу жумладан товарларни сотишда ҳисобварақ-фактураларни, қоплам ва хизматлар учун ҳақ суммаларини расмийлаштириш МВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 3-иловада келтирилган махсус тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Товар-моддий захираларни, шу жумладан омборда сақланаётган тайёр маҳсулотларни инвентаризациядан ўтказиш масалалари кўпгина корхоналар бухгалтериясида муаммо туғдиради. Амалда мажбурий инвентаризация кўпинча зарур муддатда ўтказилмайди, сабаби бухгалтерлар бундай зарурат ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмайдилар. Бу бухгалтерия ҳисобида ноаниқликлар ва хатоларга йўл қўйилишига олиб келади.
Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий инвентаризация ҳар йил якунларига кўра, сақланаётган мол-мулкнинг ўзгариши билан боғлиқ оқибатлар келтириб чиқарган кутилмаган ҳодисалардан кейин, шунингдек моддий жавобгар шахс ўзгарганда, моддий жавобгар шахсга навбатдаги меҳнат таътили берилганда ва бошқа шароитларда ўтказилиши шарт. Бош бухгалтер ва моддий бўлим бухгалтери инвентаризацияларни ўз вақтида ўтказиш заруратини ёдда тутиши, уларни 19-сон Миллий стандартга мувофиқ ташкил эта олиши шарт.
Ушбу мавзулар юзасидан саволларингиз бўлса, 11 майда «NORMA» профессионал ривожланиш марказида ўтказиладиган «Моддий-ишлаб чиқариш захиралари ва тайёр маҳсулотлар ҳисобга олинишини ташкил этиш» мавзуидаги семинарга ташриф буюринг. Бу ерда ёзилиш мумкин.