Бу чора ҚҲТБТ порталида муҳокама учун эълон қилинган Президентнинг «Халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида назарда тутилган. Лойиҳа 2019 йил 28 декабргача муҳокама қилинади.
Ҳужжатда 2021 йил 1 январдан акциядорлик жамиятлари, банклар, суғурта ташкилотлари, устав фондида давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, йирик солиқ тўловчилар жумласига киритилган юридик шахслар ХМҲСга ўтишлари назарда тутилган.
Сўнгги йилларда ташқи савдо операцияларини амалга оширадиган ва хорижий инвестицияларни жалб этадиган корхоналар сони ортиб бормоқда. Шу билан бирга, корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш чора-тадбирлари қабул қилинганлигига қарамай, халқаро молиявий ҳисоботлар стандартларини жорий этишга, хорижий инвесторлар учун зарур ахборот муҳитини таъминлашга тўсқинлик қилаётган тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.
Бундан ташқари, бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишлари бўйича амалдаги таълим тизими самара бермаяпти ҳамда мазкур соҳада малакали мутахассисларни шакллантиришнинг замонавий талабларига мувофиқ келмаяпти.
ХМҲСга ўтиш жараёни қандай кечади
Эслатиб ўтамиз, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг 24.04.2015 йилдаги «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4720-сон Фармони, Президентнинг 17.01.2019 йилдаги «Кон-металлургия тармоғи корхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4124-сон ва 3.03.2019 йилдаги «Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4265-сон қарорларида ХМҲСга мувофиқ йиллик молиявий ҳисоботни ва Халқаро аудит стандартларига (ХАС) мувофиқ унинг ташқи аудитини ўтказиш эълон қилиниши назарда тутилган.
Молия вазирлиги ХМҲС жорий этиш бўйича ваколатли орган сифатида ХМҲС жорий этишда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва ушбу жараённи мониторинг қилиш ишларини амалга оширади.
2021 йил 1 январдан бошлаб ихтиёрий равишда ХМҲС бўйича молиявий ҳисобот тайёрлайдиган тадбиркорлик субъектлари молиявий ҳисоботни бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари бўйича тақдим этишдан озод этилади.
Акциядорлик жамиятлари, банклар, суғурта ташкилотлари, устав фондида давлат улушига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектлар, йирик солиқ тўловчилар жумласига киритилган юридик шахслар 2021 йил 1 январдан фақат ХМҲС бўйича бухгалтерия ҳисобини юритади ва 2021 йилнинг якунларидан бошлаб молиявий ҳисоботни тайёрлайди. 2021 йил охирига қадар улар бухгалтерларни халқаро сертификатлаш доирасида ХМҲС бўйича «Молиявий ҳисоб» ёки «Молиявий ҳисобот» фанларини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатга ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига (АССА ва унинг дипломлари, СРА, CIPA) эга бўлган камида икки нафар мутахассис ходимлар орқали ХМҲСни сифатли қўлланилишини таъминлайдилар.
Ҳужжат билан ХМҲС ва илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳа кадрларини тайёрлашнинг замонавий усулларини босқичма-босқич жорий этиш «Йўл харитаси» тасдиқланади.
2021 йил 1 январга қадар республика бухгалтерлар ва аудиторлар жамоатчилик бирлашмаларини жалб этган ҳолда бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари ХМҲСга уйғунлаштириш мақсадида қайта кўриб чиқилади. 2020 йил 1 октябргача ХМҲСга мослаштирилган солиқ ҳисоботининг янги шакллари, шунингдек бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шу жумладан молиявий ҳисоботни ўз вақтида тайёрламаганлик ва эълон қилмаганлик учун маъмурий чораларни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.
Кадрлар тайёрлаш тизимида нималар ўзгаради
Молия вазирлиги ва АССА (Аssociation of Chartered Certified Accountants) ўртасида халқаро стандартлар бўйича ҳисоб, аудит ва бизнесни бошқариш соҳалари мутахассисларини ўқитишга ёрдам бериш, шунингдек нодавлат таълим ва олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишга кўмаклашиш борасида келишувга эришилди.
Халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ХМҲС бўйича самарали сертификатлаш тизимини яратиш назарда тутилмоқда, у таълим, имтиҳон ўтказиш ва унинг натижаларини баҳолаш, шунингдек сертификат бериш жараёнларининг очиқ-ошкоралигини таъминлайди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020 йил 1 августга қадар бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларининг «бухгалтерия ҳисоби» ва «аудит» мутахассисликлари бўйича ХМҲСни чуқур ўргатиш назарда тутилган янгиланган ўқув дастурларини таълим жараёнига жорий этиши лозим.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб олий ўқув юртларида фақат ХМҲС бўйича «Молиявий ҳисоб» ёки «Молиявий ҳисобот» бўйича имтиҳонни топширган ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига (АССА ва унинг дипломлари, СРА, CIPA) эга бўлган ўқитувчиларгина бухгалтерия ҳисоби ва аудит фанларини ўргатади.
Молия вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тажриба ўтказилиши белгиланган Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент молия институти, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, Фарғона техника институти, Термиз давлат университетининг педагогик кадрларини ўқув марказларида «бухгалтерия ҳисоби» ва «аудит» йўналиши бўйича жадал ўқитиш графигини тасдиқлаши лозим.
Шунингдек аудиторнинг малака сертификатини олиш учун имтиҳон ўтказиш бўйича ягона нодавлат имтиҳон маркази ташкил этилиши ва у ўзининг веб-сайтида аудиторнинг малака сертификатига эга бўлган аудиторлар реестрини эълон қилиши назарда тутилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.