Савдо-саноат палатаси форумида қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари лойиҳаси тақдим этилди.
Маълумот учун: Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими 2015 йилда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш учун ишга туширилган порталдир.
Порталда 1200 дан зиёд лойиҳа эълон қилинган бўлиб, уларга муҳокама иштирокчиларидан жами 2200 дан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар келиб тушди.
Эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасдан, тизимнинг роли ва самарасини ошириш таклиф этилмоқда. Муҳокама иштирокчилари таклифларини кўриб чиқиш натижасига кўра жадвал тузилади. Унда қабул қилинган ва қабул қилинмаган таклифлар сонини қайд этиб бориш таклифи киритилмоқда. У ёки бу таклиф ва мулоҳазалар рад этилишининг сабаблари асосланиши зарур.
Ишлаб чиқувчи-орган раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал кўриб чиқиладиган материалларнинг умумий пакетига илова қилинади ҳамда лойиҳа билан бирга Адлия вазирлигига юборилади. Кўрсатилган тартибга риоя этмаслик, муҳокама иштирокчиларининг таклифларини писанд қилмаслик ёки асослантирилмасдан рад этиш лойиҳани ишлаб чиқувчига қайтариш учун сабаб бўлади.
Тегишли қўшимчаларни Вазирлар Маҳкамаси Регламентига (14.02.2005 йилдаги 62-сон ВМҚ билан тасдиқланган), шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 2.12.2014 йилдаги 328-сон «Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» Қарорига киритиш таклиф этилган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег ЗАМАНОВ,
экспертимиз.