ҚҲТБТда МЖТКга киритиладиган тузатишлар лойиҳаси тақдим этилган: аудиторларнинг масъулият доираси кенгайтирилмоқда, хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текширувидан бош тортганлиги учун жарима солиш тартиби ўзгартирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 19.09.2018 йилдаги ПҚ–3946-сон қарори билан аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинди. Хусусан, аудиторлик текширувларини ўтказишга доир янги талаблар белгиланди, 2020 йил 1 январдан мажбурий текширувдан ўтиши лозим бўлган ташкилотлар сони ортадиган бўлди (бу ҳақда батафсил – бу ерда).
Шу муносабат билан «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси, шунингдек МЖТКга киритиладиган бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар ишлаб чиқилди.
Биринчидан, хўжалик юритувчи субъектнинг мажбурий аудиторлик текширувини ўтказишдан бош тортганлиги (МЖТКнинг 1791-моддаси) учун жарима миқдорини салмоқли даражада – 70 ЭКИҲгача (ҳозир – 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача) ошириш режалаштирилмоқда. Жаримани бевосита хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарига солиш таклиф қилинмоқда. Айни пайтда ушбу моддада субъект аниқ кўрсатилмаган ва «мансабдор шахслар» (яъни эҳтимолий масъул шахслар доираси анча кенг бўлиб, масалан, бош бухгалтерни ўз ичига олади, таҳр.) деб белгиланган.
Иккинчидан, МЖТКнинг 179-моддасига ўзгартиришлар киритилмоқда. Аудиторлар содир этган, маъмурий жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхати тўлдирилмоқда. Унга қуйидагиларни ҳам киритиш таклиф қилинмоқда:
- аудиторнинг ўз ваколатларидан аудиторлик фаолияти принципларига зид равишда фойдаланиши;
- ҳар йили малака оширишдан ўтмаганлиги;
- аудиторнинг малака сертификатини ўз вақтида қайта расмийлаштирмаганлиги;
- амал қилиши тугатилган малака сертификатини йўқ қилиш учун махсус ваколатли давлат органига тақдим этмаганлиги.
Ушбу модда бўйича жарима миқдорлари оширилиши ҳам кутилмоқда: ҳозир улар 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача миқдорни ташкил этади, лойиҳа тасдиқланган тақдирда эса 20 ЭКИҲгача оширилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Ленара Хикматова.