Вазирлар Маҳкамасининг “Автомобиль ташувларини назорат қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Қарорнинг лойиҳаси Транспорт вазирлиги томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” 2020 йил 5 октябрдаги ЎРҚ-640-сон Қонун ва Президентнинг “Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 1 февралдаги ПФ-5647-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида тайёрланган.
Қарорда Автомобиль ташувларини назорат қилиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш назарда тутилган. У автомобиль ташувларини назорат қилувчи Транспорт вазирлиги ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатларини тартибга солади. У автотранспорт хизматлари хавфсизлиги ва сифатини ошириш, рухсатнома бериш тизимини такомиллаштириш ва миллий ташувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, йўловчилар ва юкларни автомобиль транспортида ташишда лицензиясиз фаолиятни аниқлаш ва унга тубдан чек қўйиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Низом талаблари қуйидаги транспорт воситаларига татбиқ этилмайди:
а) табиий офатларни (зилзила, тошқинлар, ёнғинлар, эпидемиялар ва ҳ. к.) ва уларнинг оқибатларини тугатишда ёки қутқарув операцияларида фойдаланилаётган;
б) ўқув-машқ жараёнида фойдаланилаётган;
в) конструктив такомилига етказиш, таъмирлаш ёки уларга техник хизмат кўрсатиш доирасида йўл синовларидан ўтказилаётган ва ҳали фойдаланишга топширилмаган;
г) Мудофаа вазирлиги, ДХХ, ФВВ, ИИВга қарашли тузилмалар томонидан кузатиб борилаётган;
д) божхона органлари томонидан божхона назорати остида кузатиб борилаётган автотранспорт воситалари.
Автомобиль ташувларини назорат қилишни асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- автотранспортда хизматлар хавфсизлиги ва сифатини ошириш, автомобилларда ташувлар соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар олдини олиш;
- автомобиль транспорти соҳасидаги қонунларга риоя этилишини таъминлаш, шу жумладан лицензиатлар томонидан лицензия талаб ва шартларига риоя қилинишини таъминлаш;
- йўловчилар, багаж ва юк ташиш қоидаларига риоя этиш, йўловчилар ва юк ташиш хавфсизлиги, йўловчиларга хизмат кўрсатиш маданиятининг зарур даражасини таъминлаш, йўловчилар йўналишларида транспорт воситаларининг бир маромда ҳаракатланиши, белгиланган ҳаракат жадвали ва оралиқларига риоя этилишини назорат қилиш;
- ташувчилар томонидан йўловчилар ҳаёти, соғлиги ва (ёки) мулкига зарар етказганлик учун қонун ҳужжатларида ўрнатилган фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталашга оид мажбуриятларнинг бажарилишини тизимли назорат қилиш;
- йўловчи ва юкларни автомобиль транспортида лицензиясиз ташиш ҳолатларини аниқлаш ва уларга нисбатан амалдаги қонунчиликка асосан чоралар кўриш;
- миллий ва хорижий автоташувчилар томонидан ташишларни амалга оширишда ҳайдовчиларининг меҳнат ва дам олиш режимига амал қилиши, автомобиль транспортида халқаро ташувлар соҳасидаги халқаро шартномалар бажарилишини таъминлаш;
- хорижий давлатларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига белгиланган ўтиш пунктлари орқали кириб келганлигини назорат қилиш ва бошқалар.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Баҳодир Бухорий.