ҚҲТБТ порталида Давактив агентлиги директорининг “Майдони 2000 квадрат метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектларини жисмоний шахсларнинг онлайн-буюртманомасига асосан хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.
Маълумот учун: 2023 йил 1 июлдан бошлаб, жисмоний шахсларга “Давлат мулки” ахборот тизими орқали майдони 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини хусусийлаштириш ёки ижарага бериш учун тўғридан-тўғри онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
Лойиҳага мувофиқ:
- Майдони 2000 кв.метргача бўлган бўш турган давлат кўчмас мулк объектини аниқлаган жисмоний шахс One ID тизимидан идентификациядан ўтгандан сўнг, ушбу объектни онлайн-аукцион савдоларга чиқариш ҳақида онлайн-буюртма беради. Буюртмада қуйидагилар акс эттирилиши лозим:
- объект манзили;
- объект фотосуратлари ва аниқ геолокацияси;
- ер майдони ва бино-иншоотлар майдони;
- бўш турган объектдан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар.
- буюртма тегишли ҳудуднинг ҳоким ёрдамчисига келиб тушади ва бир кун ичида у томонидан объектнинг мулкчилик шакли аниқлаштирилади;
- бўш турган бино давлат кўчмас мулк объектига оидлиги тасдиқланганда ҳоким ёрдамчиси тизимга объектнинг кадастр ҳужжатлари ва кадастр рақамини жойлаштиради;
- сотувчи/ижарага берувчининг вакиллари уч кун ичида объектни хатловдан ўтказиб, чекловлар мавжуд бўлмаган тақдирда объектни сотиш/ижарага бериш учун онлайн аукционга чиқариш ҳақида қарор қабул қилишади.
- объект онлайн-аукционга чиқарилгандан сўнг, буюртма берган жисмоний шахсга тегишли смс-хабар юборилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, тўлдирилиши ёки рад этилиши мумкин.
Собир Нурбердиев.