Молия вазирлиги “Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларнинг шаклларини тасдиқлаш ва муддатларини белгилаш тўғрисида”ги буйруққа (рўйхат рақами 2624, 10.11.2014 й.) ўзгартиришлар лойиҳасини ишлаб чиқди.
Лойиҳа Бюджет кодексининг 166-моддаси, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети тўғрисида”ги Қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 ноябрдаги 917-сон “Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети таркибига кирувчи давлат мақсадли жамғармаларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Давлат мақсадли жамғармаси бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот шаклининг янги таҳрири тасдиқланади. Органлар - давлат мақсадли жамғармаларини тақсимловчилар ҳисоботни тақдим этадилар:
а) Молия вазирлигига - ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан;
б) Вазирлар Маҳкамасига:
- давлат мақсадли жамғармаси бюджети ижроси тўғрисидаги чораклик ҳисоботни - Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган муддатларда;
- давлат мақсадли жамғармаси бюджети ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни -ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача бўлган муддатда”.
Шунингдек, қуйидаги ўзгартиришларни киритиш режалаштирилмоқда:
- “бюджетларининг ижросининг асосий кўрсаткичлари” тушунчаси ўрнига “фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичлари” жорий этилмоқда;
- консолидациялашган бюджет (Республика йўл жамғармаси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси, бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси, Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва бошқалар) таркибига кирадиган давлат мақсадли жамғармаларининг бюджети ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар (2-6, 8-13, 15-20-иловалар) ўз кучини йўқотади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Лола Абдуазимова.