Ўзбекистон Республикаси бюджет ҳисобининг стандарти (13-сонли БҲС) «Консолидациялашган молиявий ҳисоботлар» лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳа Молия вазирлиги томонидан Бюджет кодекси, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ ҳамда бюджет ҳисобини давлат секторида молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари билан мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
13-сонли БҲС 1.01.2022 йилдан амалга киритилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳага мувофиқ консолидациялашган молиявий ҳисобот деганда Молия вазирлиги томонидан консолидациялашган бюджет таркиби асосида бюджет ҳисоботи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисоботларидан фойдаланган ҳолда тузиладиган ҳисобот тушунилади.
Маълумот учун! Консолидациялашган бюджет таркибига қуйидагилар: давлат бюджети; давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари; бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари; Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари киритилади.
Лойиҳада консолидациялашган молиявий ҳисоботни тайёрлашга қўйиладиган талаблар белгиланади. Молия вазирлиги томонидан бюджет ҳисоботлари ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисоботидан фойдаланган ҳолда чораклик ва молия йили якунлари бўйича таҳлилий мақсадлар учун консолидациялашган бюджет ҳисоботини тайёрланади.
Консолидациялашган молиявий ҳисобот қуйидаги турлардан иборат бўлади:
- консолидациялашган бюджетнинг жамланма ҳисоботи;
- консолидациялашган бюджет таркибидаги даромадлар ижроси тўғрисида ҳисобот;
- консолидациялашган бюджет таркибидаги харажатлар ижроси тўғрисида ҳисобот;
- консолидациялашган бюджет таркибидаги дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги ҳисобот (1.01.2023 йилдан бошлаб тузилиши лозим);
- ташкилотларнинг консолидациялашган бюджет таркибида номолиявий активлар ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот (1.01.2023 йилдан бошлаб тузилиши лозим).
Консолидациялашган молиявий ҳисоботини тузиш ва тақдим этиш Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги чораклик ва йиллик ҳисоботлар билан бир вақтда амалга оширилади.
Консолидациялашган молиявий ҳисобот Молия вазирлигининг веб-сайтлари ва тегишли ОАВ орқали эълон қилиниши режалаштирилмоқда. Ҳисоботларда қуйидаги маълумотлар очиб берилиши керак:
- бюджет даромадлари ва харажатлари;
- давлат мақсадли жамғармаларига трансфертлар;
- бюджет сальдоси;
- давлат қарзини сўндириш кўрсаткичлари.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Наргиза Воҳидова.