Иқтисодиёт ва молия вазирининг “Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳа инсофсиз ижрочиларнинг реестрини шакллантириш, инсофсиз ижрочиларни реестрга киритиш ва ундан чиқаришни тартибга солишга қаратилган.
Маълумот учун: Президентнинг 17.11.2022 йилдаги ПҚ-425-сон Қарорига кўра, инсофсиз ижрочиларнинг Ягона реестрини шакллантириш тартибини тасдиқлаш ҳамда ушбу реестрнинг «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими билан интеграция қилинишини таъминлаш вазифаси юклатилган.
Лойиҳага кўра, давлат харидлари иштирокчиси, ғолиби ёки ижрочиси инсофсиз ижрочилар реестрига:
- суднинг;
- давлат харидлари соҳасидаги шикоятларни кўриб чиқиш бўйича комиссиянинг;
- иқтисодиёт ва молия вазирлигининг қарорлари асосида амалга оширилади.
Инсофсиз ижрочи реестрга 2 йил муддатга киритилади, ушбу муддат тугагач у реестрдан чиқарилган ҳисобланади.
Реестрга киритилган инсофсиз ижрочи билан давлат харидлари тўғрисидаги шартномани тузганлиги учун давлат буюртмачиси жавобгар ҳисобланади.
Реестрдаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиб, фойдаланувчилар улардан эркин ва бепул танишиб чиқиши ва фойдаланиши мумкин.
Шунингдек лойиҳада инсофсиз ижрочиларни реестрга киритиш ҳақида ариза бериш асослари ва тартиби белгиланган.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Собир Нурбердиев.