Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Президентнинг 20.07.2020 йилдаги «Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6029-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ДСҚ томонидан қарор лойиҳаси тайёрланди.
Қарорда назарда тутилган тартибга мувофиқ:
• кўчма савдо тадбиркорлик субъектлари томонидан кўчма савдо объектларини электрон тарзда «К-SAVDO» автоматлаштирилган ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади;
• кўчмас савдо жойи жойлашиш схемалари доирасида «К-SAVDО» ААТ орқали электрон аукционда сотилади.
ДСҚ кўчма савдони амалга ошириш тартиби устидан назорат юритиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланади.
Ҳужжат лойиҳасида Умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом келтирилган. Низом талаблари қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилмайди:
• байрам ва байрам олди кунларида савдо хизмати кўрсатиш юзасидан юридик шахслар билан тузилган шартномалар асосида ташкил этилган кўчма савдоларга;
• Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида ташкил этилган кўргазма ва ярмарка савдоларига;
• бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудида сотиладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг чакана савдоларига;
• Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган бошқа ҳолларга.
Шунингдек Низом лойиҳасида қуйидагилар келтирилади:
• умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши тартиби;
• умумий овқатланиш корхоналарида мавсумий кафеларни жойлаштиришга қўйиладиган талаблар;
• кўчма савдо объектини ва у амалга ошириладиган транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби;
• кўчма савдо субъектлари ҳисобини юритиш тартиби ва бошқалар.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Баҳодир Бухорий.