Пойтахт ҳокимияти томонидан ташқи ёритиш электр тармоқларининг техник ҳолатини яхшилаш дастури ишлаб чиқилди. Ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталида муҳокама қилинмоқда.
Бирор-бир ташкилотнинг балансида ҳисобда турмаган кўчаларни ёритиш объектлари рўйхати тузилди. Шаҳар бўйича 7 147 та ёритиш ускунаси ва 289,5 км тармоқ* шундайлар сирасидан эканлиги маълум бўлди.
Эгасиз объектлар 2018–2019 йиллар мобайнида тикланиши ҳамда улардан лозим даражада фойдаланилишини ва сақланишини таъминлайдиган «Тошшаҳарнур» ДУК балансига ўтказилиши таклиф этилмоқда. Ишларнинг белгиланган қиймати – 16 766,3 млн сўм (мўлжалдаги буюртмачи – «Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Ягона буюртмачи хизмати», у яқин вақтда «Тошкентқурилишинвест» инжиниринг компанияси таркибига кириши керак – Президентнинг 17.08.2018 йилдаги ПФ–5515-сон Фармонига қаранг).
Бундан ташқари, 2018–2022 йиллар мобайнида 1 693,1 км лик ташқи ёритиш ҳаво электр линияларини ўзини тутиб турувчи изоляцияланган симларга алмаштириш таклиф этилмоқда. Мазкур лойиҳа қиймати 44 650,1 млн сўмни ташкил қилади (мўлжалдаги буюртмачи – «Тошшаҳарнур» ДУК).
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
* Ушбу маълумотлар Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан режалаштирилган инвентарлашни ўтказиш жараёнида аниқлаштирилади.