Адлия вазирлиги ўзининг «Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналида Давлат божи ставкаларига ўзгартиришлар лойиҳасини жойлаштирди.
Таклиф этилаётган тузатишларга мувофиқ Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидаги кўчмас мулкнинг (унинг бир қисмининг) олди-сотди, айирбошлаш, рента, ўзгага бериш ёки бошқача тарзда воз кечишни нотариал тасдиқлаш учун давлат божи ставкаси Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳисобда турган жисмоний шахслар учун шартнома суммасининг 3%и, бироқ ЭКИҲнинг 10 бараваридан кам бўлмаган миқдорни ташкил этади.
Давлат божи ставкалари пасайтирилиши билан бирга 2017 йилнинг июлидан амалда бўлган пойтахт ва пойтахт вилоятида кўчмас мулкни сотиб олиш бўйича бошқа жойда яшовчилар учун қуйидаги барча қўшимча талаблар ҳам бекор қилинади:
- Тошкент ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уй-жойларда кўчмас мулк харид қилиш тўғрисидаги (яъни иккиламчи бозорда уй-жой сотиб олишга рухсат берилади);
- ЭКИҲнинг 2 500 баравари миқдоридаги сотиб олинаётган уй-жойнинг энг кам қиймати тўғрисидаги (яъни бундан ҳам арзонроқ уй-жой харид қилиш мумкин);
- сотиб олинган кўчмас мулк учун банк ҳисобварақлари орқали ҳисоб-китобни амалга ошириш тўғрисидаги.
Кўчмас мулк сотиб олинган кундан бошлаб 3 йил мобайнида уни қайта расмийлаштириш учун белгиланган амалдаги ЭКИҲнинг 400 баравари миқдоридаги юқори ставка бир истисно билан сақлаб қолинди. Эр-хотинга, мулкдорнинг ота-оналари, фарзандлари, набиралар, бувилар, боболар, қондош ака-ука ва опа-сингилларига ҳадя қилишни расмийлаштиришда мазкур қоида қўлланилмайди.
Мамлакатимизда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги кўчмас мулкни сотиб олиш шартлари лойиҳага кўра ўзгармади. Эслатиб ўтамиз, уларга шартнома суммасидан 10% миқдоридаги давлат божини тўлаган ҳолда ҳисоб-китобни банк ҳисобварақлари орқали амалга ошириш билан 600 млн сўмдан кам бўлмаган қийматдаги кўчмас мулкни сотиб олишга рухсат этилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Олег Заманов.