Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Уч уйнинг сотилиши қандай қилиб ЖШДС бўйича суд низосига олиб келди Кўчмас мулкни бузиш: қандай ҳисобга олиш ва солиққа тортиш керак Ўзбекистоннинг резидентлари бўлган юридик шахслар ўртасида фоизсиз қарзда трансферт нархини белгилаш меъёрларини қандай ҳисобга олиш керак

Қаер жамоат жойи ҳисобланади

02.04.2020

Рус тилида ўқиш

 

Қонун ҳужжатларида аниқ таъриф ва ягона ёндашув бўлмаганлиги сабабли мутахассислар бу борада мунозара қилиб келадилар. ИИВ «Жамоат хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонун лойиҳасига жамоат жойлари тушунчаси ва таснифини киритди.

 

Ҳақиқатан ҳам, сарлавҳада берилган савол алоҳида аҳамият касб этади. Қонун ҳужжатларида ва, одатда, юридик жавобгарлик хусусида сўз борганда «жамоат жойи» атамаси жуда кўп учрайди. Бундай ҳолларда ҳуқуқбузарлик (жиноят) содир этиш жойи холис тарафнинг мажбурий аломати эканлиги сабабли аниқ тушунчага эга бўлмай туриб шахснинг қилмишида ҳуқуқбузарлик (жиноят) таркиби бор ёки йўқлиги ҳақида тўлиқ ишонч билан гапириб бўлмайди. Бошқача айтганда, киши ўз хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилиш-тортилмаслиги ҳақида бир қарорга келиш жуда мушкул бўлади.    

Муаммо шундаки, бизда «жамоат жойи» тушунчаси таърифига ягона бирхиллаштирилган тарзда ёндашилмайди. Қонун ижодкори бошқа йўлдан бориб, айрим ҳужжатларга унинг амал қилиши татбиқ этиладиган жамоат жойлари рўйхатларини киритган. Қуйида бунга бир нечта мисол келтирамиз. 

 

Норма

Жамоат жойлари рўйхати

«Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси

  • стационар савдо объектлари, умумий овқатланиш корхоналари, кинотеатрлар, театрлар, цирклар, концерт, кўрик ва кўргазма заллари ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотлар;
  • клублар, дискотекалар, компьютер заллари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун жиҳозланган хоналар ёхуд бошқа кўнгилочар (бўш вақт ўтказиладиган) жойлар;
  • музейлар, ахборот-кутубхона муассасалари ва маърузахоналар,  маҳаллий ва узоққа қатнайдиган поездлар, шаҳар атрофига қатнайдиган поездларнинг вагонлари (шу жумладан тамбурлари), дарё кемалари, шаҳарда, шаҳар атрофига, шаҳарлараро ва халқаро қатнайдиган автобуслар, таксилар, йўналишли таксилар ҳамда шаҳар электр транспорти, ҳаво кемалари, ер ости ўтиш жойлари, транспорт бекатлари ва автотранспорт воситаларини вақтинчалик сақлаш жойлари, аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари;
  • давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг бинолари;
  • соғлиқни сақлаш тизими муассасалари ва ташкилотлари, таълим муассасалари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари, иш жойлари бўлган хоналар, кўп квартирали уйларнинг йўлаклари, шунингдек уйлар олди ҳудудида жойлашган болалар ва спорт майдончалари, хиёбонлар, боғлар, кўчалар

«Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси

иш жойлари, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, жамоат транспортининг барча турлари  

 

«Ички ишлар органлари тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддаси

кўчалар, майдонлар, истироҳат боғлари, транспорт магистраллари, вокзаллар, аэропортлар, шунингдек оммавий тадбирларни ўтказиш чоғида

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1883-моддаси («Тиланчилик қилиш»)

аэропортлар, вокзаллар, хиёбонлар, истироҳат боғлари, бозорлар ва савдо мажмуалари ҳудудлари, шунингдек уларга туташ ҳудудлар, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, кўчалар, стадионлар, бекатлар, йўлларнинг қатнов қисми, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудлар, жамоат транспортининг барча турлари ва бошқа жамоат жойлари

 

 

Шунга қарамай, буни тўлақонли ечим деб ҳисоблаб бўлмайди, сабаби:

биринчидан, кўриниб турганидек, рўйхатлар доим ҳам батафсил бўлмайди ва, МЖТКнинг 1883-моддаси билан бўлганидек, «бошқа жамоат жойларида» деган мавҳум маънони ифодаловчи сўзларни ўз ичига олади;

иккинчидан, бундай рўйхат умуман бўлмаган ҳолларда (масалан, МЖТКнинг 54, 183, 1841, 203, 211-моддалари ва ЖКнинг 1271-моддаси) масала очиқлигича қолади. У ёки бу нормада турфа хил вариантлар келтирилгани туфайли (юқоридаги жадвалга қаранг) ўхшашлиги бўйича улардан қайси бирини қўллаш мумкинлиги ҳам тушунарсиз.

 

Шу нуқтаи назардан ИИВ томонидан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ҳуқуқни қўлловчилар учун ишончли таянч нуқтаси бўлиши мумкин. Унда жамоат жойи деганда тўсиқсиз кириш (бўлиш) учун очиқ бўлган, ёхуд фуқароларнинг турли эҳтиёжларини қаноатлантириш учун мўлжалланган жойдаги участкалар, бинолар, хоналар, иншоотлар, уларнинг қисмлари, шунингдек транспорт коммуникацияларини тушуниш таклиф этилган. Жамоат жойлари таснифи эса уларнинг очиқ бўлиш вақти мезонига асосланган:

  • доимий тусдаги – ҳудудда фуқароларнинг доимий бўлиши ёки доимий бўлиш имконияти, муайян вақтда фаолият юритиш режими белгиланмагани ва фуқаролар доимий яшайдиган объектларнинг мавжуд бўлиши билан таснифланади. Булар – транспорт магистраллари, кўчалар, турар жой даҳалари, маҳаллалар, мавзелар, микрорайонлар ҳудудлари, аэропортларнинг, темир йўл, автомобиль вокзалларининг ва сув транспорти бекатларининг бинолари ва ҳ.к.; 
  • вақтинча тусдаги – фуқароларнинг вақтинча бўлиши ёки вақтинча бўлиш имконияти, муайян вақтда фаолият юритиш режими белгилангани ва фуқаролар доимий яшайдиган объектларнинг мавжуд эмаслиги билан таснифланади. Уларга хиёбонлар, майдонлар, маданият ва истироҳат боғлари, савдо, кўнгилочар, савдо-кўнгилочар комплекслари ва марказлари, гипермаркетлар, супермаркетлар, бозорлар ва фуқаролар оммавий тўпланадиган бошқа жойлар ва ҳ.к. киради;
  • бир марталик тусдаги – оммавий жамоат, қишлоқ хўжалиги ёки бошқа ишлар ва тадбирларни, шу жумладан улар оммавий бўлган пайтда тантанали тадбирлар, диний маросимларни ўтказиш пайтида оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар ва жойдаги алоҳида участкалар.

 

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида жамоат хавфсизлигига таъриф берилган, уни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари кўрсатилган, ушбу вазифа юклатиладиган органлар ва муассасаларнинг, шунингдек фуқаролар, ўзини ўзи бошқариш органлари ва жараённинг бошқа иштирокчиларининг ваколатлари санаб ўтилган.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимчалар киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

 

Олег Заманов.


Валюталар курси

2024-12-19
  • USD:12861.83 (+0.00) сум
  • EUR:13497.20 (+0.00) сум
  • RUB:125.47 (+0.00) сум