Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Лойиҳада Ички ишлар органларининг вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш назарда тутилган.
Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
- вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- вояга етмаганларга ижтимоий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ёшига хос бўлган психофизиологик хусусиятлари, қобилиятлари, қизиқишлари, ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
- вояга етмаганларда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш;
- вояга етмаганларга тиббий-педагогик ёрдам кўрсатиш, уларнинг болалар ҳаёти
ва соғлиғини сақлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш; - ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш.
Марказ вояга етмаганларни сақлаш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи махсус шарт-шароитлар билан таъминланади:
- Марказ ҳудудини қўриқлаш;
- вояга етмаганларнинг шахсий хавфсизлиги ва уларни салбий таъсирлардан юқори даражада ҳимоя қилиш;
- Марказ ҳудудига бегона шахсларнинг эркин киришини чеклаш;
- Марказда сақланаётган вояга етмаганларнинг эркин чиқишини чеклаш;
- вояга етмаганларни кеча-кундуз, шу жумладан уйқу учун ажратилган вақт давомида назорат қилиш;
- вояга етмаганларни шахсий текширувдан ўтказиш, уларнинг буюмларини, шунингдек улар олаётган ва юбораётган посилка ва бошқа почта жўнатмаларини текширувдан ўтказиш.
Марказларнинг фаолиятини мунтазам равишда назорат қилиш ва уларга юкланган вазифаларни амалга оширишда уларга ёрдам кўрсатиш ҳамда вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ИИВ томонидан амалга оширилади.
Вояга етмаганларни Марказларга қабул қилишни танлаш, уларнинг ижтимоий мослашуви ва реабилитацияси бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантириш борасидаги тадбирлар Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Марказларга қабул қилинган вояга етмаганларнинг оилаларини ўрганиш, уларнинг оиласидаги маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри ишлаш Маҳалла ва оилани қўллаб-қуватлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Баҳодир Бухорий.