Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
2025 йил Солиқ кодекси: нималар ўзгаради, нималар аввалгича қолади Хизмат сафари харажатларининг қайси меъёрларини солиқ солиш мақсадларида қўллаш керак МҲХСга ўтишнинг асосий босқичлари

Янги Меҳнат кодексида қандай ўзгаришлар бўлади

14.10.2019

Рус тилида ўқиш

Асосий таътилнинг энг кам миқдорини ошириш, муддатли меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳомиладор аёлларни ишдан бўшатишга йўл қўймаслик – бу ва бошқа таклиф этилаётган янгиликлар шарҳимизда.

 

ҚҲТБТда порталида жойлаштирилган лойиҳада амалдаги Меҳнат кодексига (кейинги ўринларда - МК) нисбатан моддалар сони 2 баравар кўпроқдир: амалдагисида 294 та ва лойиҳадагисида 636 модда. Янги таҳрири 7 бўлим ва 34 бобдан иборат (амалдагисида – 16).

 

Тартибга солувчи янги блоклар киритилди

 

Лойиҳада айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнати батафсил тартибга солинган:

  • касаначилар, ўриндошлар, навбатчилик усулида ишловчилар, шунингдек мавсумий, вақтинча ва масофадан иш олиб борувчилар;
  • айрим тармоқ ва касблардаги ходимлар: педагоглар, шифокорлар, транспорт ходимлари, спортчилар;
  • ташкилот (шу жумладан унинг алоҳида таркибий бўлинмалари) раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтери;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • микрофирмалар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг ходимлари, жисмоний шахслар (уйда ишловчилар);
  • хорижий шахслар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
  • ноқулай иш шароитларида, шунингдек ноқулай табиий-иқлим шароитларида банд бўлганлар.

 

Бундан ташқари, қуйидагиларга бағишланган алоҳида бўлимлар киритилди:

  • ходимларга оид шахсий маълумотларни қайта ишлаш ва ҳимоялаш;
  • ходимларга нисбатан хизмат текширувларини ўтказиш тартиби;
  • жамоавий меҳнат низоларини ҳал этишда сўнгги чора сифатида иш ташлаш ўтказиш тартиб-таомиллари;
  • меҳнат соҳасидаги ижтимоий ҳамкорлик;
  • ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • давлат меҳнат инспекцияси, касаба уюшмалари ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, жамоатчилик назорати субъектларининг ушбу соҳадаги ваколатлари кўрсатилган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ва кузатиш.

 

Амалдаги қатор нормаларга тузатишлар киритилди. Таклиф этилаётган асосий янгиликларга эътибор қаратамиз.

 

Ишга қабул қилиш

 

1. Ташкилот раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлари ва ташкилотнинг филиаллари, ваколатхоналари ва бошқа алоҳида таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари учун 6 ойгача бўлган дастлабки синов муддати белгиланиши таклиф этилмоқда. Бошқа ходимларга нисбатан амалдаги 3 ойлик синов муддати қолдирилади.

 

Бундан ташқари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришда дастлабки синов тўғрисидаги нормаларга ўзгартиришлар киритиш режалаштирилмоқда. Ўқув юртларини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кирганларга ҳозирча синов белгиланмайди (МКнинг 84-моддаси 3-қисми). Лойиҳада бироз бошқача ёндашув таклиф этилмоқда, айнан қуйидагилар учун синов муддати расмийлаштирилмайди: 

  • давлат грантлари бўйича таълим олган олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 3 ой ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилари учун;
  • ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасасини тамомлаган кундан эътиборан 1 йил ичида биринчи бор мустақил равишда ишга кирган битирувчилари учун.

 

2. Муддатли шартномаларни тузиш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. Муддатли меҳнат шартномалари қачон мажбурий тартибда ва қачон тарафларнинг розилиги билан расмийлаштириладиган ҳолатлар белгиланади.

 

Бошқа ишга ўтказиш

 

1. Ишлаб чиқариш зарурати ёки тўхтаб қолишлар туфайли ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишнинг чекланган муддати аниқлантирилади (МКнинг 95-моддаси– бир календарь йил давомида жами 60 календарь кундан ошмайди.

 

2.  Ходимни бошқа иш берувчига хизмат сафарига юбориш деб номланган бошқа ишга ўтказиш тури жорий этилмоқда. Ходимнинг ёзма розилиги билан алоҳида муддатли меҳнат шартномасини тузиш орқали 1 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга бошқа ишга ўтказиш мумкин. Бунда аввал тузилган меҳнат шартномасининг амал қилиши тўхтатиб турилади.

 

Меҳнат шартномасини бекор қилиш

 

1. Муддатли меҳнат шартномаси муддати тугаши билан бекор қилинганда, бу ҳақда 3 календарь кун ичида ёзма равишда хабардор қилиш шарти жорий этилмоқда, асосий ходим ишда бўлмаган вақтда расмийлаштириладиган ҳолатлар бундан мустасно. Амалдаги қоидаларга кўра, шартнома муддати тугаши билан ишдан бўшатиш ҳақида олдиндан хабардор қилиш шарт эмас (МКнинг 105-моддаси).

 

2. Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши учун асослар рўйхатига тузатиш киритилади. Ходимнинг соғлиғи ҳолати туфайли бажараётган вазифасига нолойиқлиги (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2-банди) тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича ишдан бўшатиш учун асосларга кўчирилди (МКнинг 106-моддаси).

 

3. Алоҳида сабабларга кўра ишдан бўшатишда ишдан бўшатиш нафақасининг энг кам миқдори (МКнинг 109-моддаси) ушбу ходимнинг стажига қараб табақалаштирилади:

  • ўртача ойлик иш ҳақининг 50%и – 3 йилгача стажга эга бўлганда;
  • 75%и – 3 йилдан 5 йилгача стажга эга бўлганда;
  • 100%и – 5 йилдан 10 йилгача стажга эга бўлганда;
  • 150%и – 10 йилдан 15 йилгача стажга эга бўлганда;
  • 200%и – 15 йилдан ортиқ стажга эга бўлганда.

 

Ҳозирги пайтда барча ходимлар учун ишдан бўшатиш нафақасининг энг кам миқдори корхонадаги ишнинг давомийлигидан қатъи назар ўртача ойлик иш ҳақининг 100%ини ташкил этади.

 

4. Иш берувчига ходимнинг розилигисиз ишдан бўшатиш ҳақида огоҳлантириш муддатини пуллик компенсацияга алмаштириш ҳуқуқини тақдим этиш назарда тутилган. Ҳозир, бундай алмаштиришга фақат тарафларнинг розилиги билан рухсат этилади, ходимнинг айбли ҳаракатлари учун ишдан бўшатиш ҳолатлари бундан мустасно (МКнинг 102-моддаси 2-қисми).

 

5. Иш берувчининг муддатли меҳнат шартномасининг амал қилишини ходиманинг ҳомиладорлик даври якунлангунигача, ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилганда эса – бундай таътил тугагунига қадар узайтириш мажбурияти киритилади. Ходиманинг ёзма аризаси ва ҳар 3 ойда аёл иш берувчига тақдим этиши лозим бўлган тиббий маълумотнома муддатни узайтириш учун асос бўлади.

 

Шартнома муддати тугаши билан ҳомиладор ходимани, у асосий ходим ишдан бўлмайдиган вақтга ишга қабул қилинган бўлса ва ҳомиладорлиги тугагунига қадар бошқа ишга ўтказишнинг иложи бўлмаса, ишдан бўшатиш мумкин бўлади.

 

Ҳозирги пайтда ҳомиладор ходима билан тузилган муддатли меҳнат шартномаси фақат уни ишга жойлаштириш шарти билан (иш берувчининг ўзи ёки унда бундай имконият бўлмаса – маҳаллий меҳнат органлари томонидан) бекор қилинишига йўл қўйилади.   

 

6. Бола парваришлаш бўйича таътилда бўлган, шунингдек 3 ёшгача болани парваришлаётган отаси ёки онаси, васийси ва оилада ёлғиз боқувчиси бўлган ходимларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун асослар рўйхати келтирилади:

  • ташкилот тугатилиши муносабати билан;
  • меҳнат мажбуриятларини мунтазам тарзда, шунингдек бир марта қўпол равишда бузганлиги учун.

 

Бунда уларнинг болани парваришлаш бўйича нафақа олиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Қолган ҳолатларда бундай тоифадаги ходимларни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатишга йўл қўйилмайди.

 

Иш вақти ва дам олиш вақти

 

1. Қуйидаги ҳолатларда ходимнинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишга жалб этилиши режалаштирилмоқда:

  • ишлаб чиқариш аварияси, табиий офатлар ва фалокатлар;
  • газ таъминоти, иссиқлик таъминоти, ёритиш, транспорт, иссиқ сув ва совуқ сув таъминоти, сувни чиқариш тизимлари бузилганда;
  • фавқулодда ҳолатлар ёки ҳарбий ҳолатлар, шунингдек фавқулодда вазиятлардаги фавқулодда вазиятларда (ёнғинлар, тошқинлар, очарчиликлар, зилзилалар, эпидемиялар ёки эпизоотия ва бошқалар);
  • бажарилаётган ишда танаффусга йўл қўйилмаса, сменачи ишга келмай қолган ҳолларда иш давом эттирилганда.

 

2. Дам олиш куни ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда, дам олиш кунини ундан кейинги иш кунига кўчириш таклиф этилмоқда. Масалан, 8 март якшанбага тўғри келганда, дам олиш куни душанбага кўчирилади.

 

3. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффусларнинг чекланган давомийлиги белгиланади - 2 соатдан кўп бўлмаган ва иш вақтига киритилмаган камида 30 дақиқалик танаффус берилади. Иш кунининг (смена) давомийлиги 8 соатдан ошган ҳолларда ходимлар учун иш вақтининг жамлаб ҳисобга олиш белгиланган бўлса, ходимга дам олиш ва овқатланиш учун иккита танаффус берилиши керак. Шунингдек аниқлаштирилишича, танаффус пайтида ходимлар иш жойидан чиқишлари мумкин бўлади.

 

4. Дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари ходимларни уларнинг розилигисиз ишга жалб қилиш мумкин бўлган истисноли ҳолатлар киритилмоқда. Бундан ташқари, ходимнинг розилиги билан ишланадиган дам олиш кунлари сонини календарь йил мобайнида 12 тагача чеклаш таклиф этилмоқда.

 

5. Амалдаги энг кам асосий таътилнинг давомийлигини 15 кундан 21 календарь кунга ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари хизматчилари учун эса 27 календарь кунга узайтирилган таътилни белгилаш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ходим бир ташкилотда ишлаган ҳар 5 йили учун 2 календарь кун, бироқ умумий ҳисобда 8 кундан ошмайдиган қўшимча таътил бериш мўлжалланмоқда.

 

Кўриниб турибдики, лойиҳа тасдиқланса, таътиллар иш кунида эмас, балки календарь кунда ҳисоблаб чиқарилади.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш

 

1. Меҳнатга ҳақ тўлаш тизими тарифли ва тарифсизга ажратилган ҳолда батафсил тартибга солинади. Рағбатлантирувчи тусдаги алоҳида тўлов турлари қайд этилган: мукофотлар, устамалар, қўшимча тўловлар.

 

2.  Ўртача иш ҳақини ҳисоблаш, шунингдек ходимнинг илтимосига биноан унинг иш ҳақини тасарруф этиш тартиби жорий этилмоқда. Ходимнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақи банкдан олинган қарзлар, кредитлар, шунингдек коммунал харажатлар ва бошқа шахсий харажатлар ва қарзларни тўлаш учун юборилиши мумкин. Дарвоқе, ўтказиладиган суммалар бирор-бир миқдор доирасида чекланмайди. Амалдаги қоидаларга кўра, ҳар бир иш ҳақидан ушланмалар унинг ярим бараваридан ошмаслиги лозим (МКнинг 164-моддаси 3-қисми). 

 

3. Иш берувчига ходимнинг ёзма розилиги билан иш ҳақининг 10%игача ташкилотда ишлаб чиқарилган истеъмол товарлари билан тўлаш ҳуқуқи жорий этилмоқда, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар бундан мустасно.

 

4. Ходимлар уларнинг ёзма розилиги билан иш ҳақини ёки унинг бир қисмини банк муассасалари ёки почта бўлимлари орқали олишлари мумкин, бунда хизматлар учун иш берувчи томонидан ҳақ тўланади.

 

Интизомий жазо

 

Интизомий жазо қўллаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган кундан бошлаб 3 иш куни давомида ходимни тилхат орқали у билан таништириш лозимлиги белгиланмоқда, бунда ходим ишда бўлмайдиган вақт ҳисобга олинмайди. Акс ҳолда (танишишдан бош тортганлиги тўғрисида далолатнома мавжуд бўлмаганда) ходимга нисбатан ундирув қўлланилмаган ҳисобланади.

 

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.          

 

Ленара Хикматова.


В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-11-12
  • USD:12803.81 (+0.00) сум
  • EUR:13677.03 (+0.00) сум
  • RUB:130.64 (+0.00) сум