Юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритишнинг мезонларини белгилаш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 3172, 12.07.2019 й.) ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақидаги қарор лойиҳаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокама учун ҚҲТБТ порталида жойлаштирилган.
Хусусан, қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- биринчидан, йирик солиқ тўловчилар тоифасидан тижорат банклари филиалларини чиқариб ташлаш;
- иккинчидан, йирик солиқ тўловчилар тоифасига ҳозирги кунда соф тушуми ўтган календарь йил якуни бўйича 100 миллиард сўмдан юқори бўлган юридик шахслар киради. Кетма-кет келадиган 12 ойлик даврда шунча миқдорда тушумга эга корхоналарни ҳам улар жумласига киритиш таклиф қилинмоқда;
- учинчидан, ДСҚ Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишган ҳолда юридик шахсларни йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритиш ва рўйхатидан чиқаришга ҳақли бўлади. Йирик солиқ тўловчилар рўйхати эса жорий йилнинг 1 сентябрига қадар Молия вазирлигига тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, лойиҳа 2020 йил 21 январга қадар муҳокама қилинади, фикр-мулоҳаза ва таклифлар асосида ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши мумкин.