Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Полянте СВЕШНИКОВнинг муҳокама этилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси* бўйича шарҳлари.
Авваламбор, бутун жаҳонда кенг тарқалган бир муаммога эътиборингизни жалб қилмоқчиман.
Айни пайтда ҳаво кемаларига лазер нурини йўналтириш билан боғлик безорилик ҳолатлари кўпайган ва улар Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиациясига ҳам таъсирини кўрсатаяпти. Учувчилар кабинасига йўналтирилган лазер нури (қўниш ва учиш жараёнида) учувчиларнинг вақтинчалик ориентациясини йўқотиш ёки кўриш қобилиятини йўқотиш ҳолатига олиб келиши мумкин. Бундай ҳаракатлар ҳаво кемаларининг парвозлар хавфсизлигига хавф солади ҳамда экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳаётини хавф-хатарга қўяди. Айрим ҳолларда лазер нури ўзининг кучига қараб экипаж аъзоларининг соғлиғига жуда катта зарар етказиши мумкин, яъни кўриш қобилиятининг йўқотилиши ва уни тиклаб бўлмаслиги сабабли учиш фаолиятини тўхтатилишига олиб келиши мумкин.
Ҳаво кемаларига лазер нурини йўналтириш ҳолатлари 90-йиллардан бошлаб қайд қилинмоқда ва булар асосан безорилик аломатлари билан боғлиқдир. Бундай ҳолатлар асосан Шимолий Америка, Европа, Россия ва Араб давлатларида қайд қилинмоқда. Бир мисол, фақатгина АҚШнинг ўзида йилига 2 мингдан ортиқ бундай безориликлар қайд қилинмоқда. Лазер нури билан боғлиқ безориликлар бутун дунё авиаташувчиларининг муаммосига айланмоқда.
Айтиш жоизки, Америка Қўшма Штатларида лазер нурини қўллаётган безориларга қарши курашишда қўлланилаётган чоралар кескин равишда кучайтирилди. Эндиликда лазер нурини қўллаган безориларга камида 11 минг АҚШ доллари миқдорида жарима солинади. Бундан ташқари келажакда лазер нурини қўллаган безориларни ҳаво кемасини олиб қочган шахслар билан тенглаштириш ва уларга шундай қонунбузарлик билан боғлиқ жазо қўлланилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, Россия Федерацияда ҳам лазер нури қўлланиши билан боғлиқ безориликларга жазо чораларини қўллаш назарда тутилмоқда.
Афсуски, бугунги кунга қадар учувчиларни лазер нуридан ҳимоя қилишнинг самарали техник усуллари ишлаб чиқилган эмас.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида лазер нурли кўрсаткичларни қўллаш билан боғлиқ безориликларга қарши қўлланиладиган маъмурий ёки жиноий жавобгарликлар мавжуд эмас.
Ушбу ҳолатларни инобатга олган ҳолда Ҳукуматимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида парвозлар хавфсизлигини ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2013 йил 20 февралдаги 50-сон қарори қабул қилинди. Қарорда:
- Ўзбекистон ҳудудида лазер нурли кўрсаткичлар сифатида фойдаланиладиган портатив лазерли нур тарқатгичларни четдан олиб кириш ва сотиш тақиқланиши;
-лазерли кўрсаткичларнинг четдан ноқонуний олиб кирилиши, сотилиши ҳамда улардан фойдаланилиши ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши;
-учувчиларнинг кабиналари лазерли кўрсаткичлар билан нурланган тақдирда ҳаво кемалари экипажларининг ишлаш тартиблари ҳамда экипаж аъзоларининг соғлиқларига зарар етишини олдини олиш тадбирлари;
-ўқувчилар ва ёшлар, уларнинг ота-оналари ўртасида лазерли кўрсаткичларни одамга ва парвоз қилаётган ҳаво кемаларига қаратишнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилишини таъминлаш белгиланган.
Бироқ Ўзбекистон Республикасида қабул қилинган чораларга қарамай, лазер нурли кўрсаткичларни қўллаш билан боғлиқ безориликлар давом этмоқда:
- 2014 йилда 10 (ўнта) ҳолат, шулардан 6 (олтитаси) Тошкентда, 2 (иккитаси) Фарғонада, биттадан Самарқанд ва Бухорода содир бўлган;
- 2015 йилнинг сентябрь ойига қадар 5 (бешта) ҳолат қайд қилинган, шулардан 3 (учтаси) Тошкентда ва биттадан Самарқанд ва Бухорода содир бўлди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2015 йил 16 апрелдаги 05/30-33-сон топшириғига асосан ишлаб чиқилди. Қонун лойиҳаси Парвозлар хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК, Мудофаа, Ички ишлар, Иқтисодиёт, Молия ва Адлия вазирликлари, Давлат солиқ ва божхона қўмиталари, Олий суд, Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ҳамда белгиланган тартибда тегишли ташкилот ва вазирликлар билан келишилди.
Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш бўйича асосий ғояси –Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ҳаво кемаларига қарши лазер нурли кўрсаткичларни қўллаганлиги учун жисмоний шахсларнинг жиноий ва маъмурий жавобгарлиги нормаларини белгилаш. Чунки, Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лазерли нур тарқатгичларни ишлатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2013 йил 20 февралдаги 50-сон қарори ваколатли вазирлик ва идоралар қонун бузувчиларни жавобгарликка тортишини кўзда тутмайди.
Ваколатли вазирлик ва идоралар ҳужжатларида ғайриқонуний ҳаракат субъектларини аниқловчи ва белгиловчи механизмнинг ўрнатилиши қонун қабул қилингандан кейин амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ишонамизки, қонуннинг қабул қилиниши ҳаво кемалари парвозлари хавфсизлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади ҳамда миллий қонунчилигимизни экипаж аъзолари ва йўловчилар ҳаётини хавф-хатарга қўйганлиги учун жисмоний шахсларнинг жиноий ва маъмурий жавобгарлиги билан тўлдиради.
*“norma.uz”cайтида жойлаштирилган.
Маъруф УСМАНОВ суҳбатлашди ва ёзиб олди
Мавзу бўйича материаллар:
Қонун ижроси депутатлар назоратида
Қонун муҳокама жараёнида мукаммаллашади
Йўллардаги видеокамералар қандай қонунийлаштирилади
“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан: