Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари Қутлимурот БАБАШЕВ ва Полянте СВЕШНИКОВнинг муҳокама этилаётган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» Қонун лойиҳаси* бўйича фикрлари.
Уч йил олдин мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жиноий сохасидани эркинлантириш мақсадида 2012 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур Қонуннинг амалиётда қўлланилиши уни янада такомиллаштириш ҳамда амалдаги қонунчилик ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан уйғунлаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.
Шу сабабли Бош прокуратура томонидан Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Олий суд ва Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда тезкор-қидирув фаолияти масалаларининг айрим жиҳатларини ҳуқуқий тартибга солишда мавжуд бўшлиқлар ва номутаносибликларни бартараф этишни назарда тутувчи «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Агар қонун лойиҳаси тақдим этилган таркибда қабул қилинса, қўшимча молиявий харажатларни амалга ошириш зарурати бўлмайди.
Хусусан, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонун билан тезкор-қидирув соҳасидаги муносабатлар тартибга солинган бўлиб, ушбу муносабатлар устидан назоратни амалга ошириш прокурорлар зиммасига юклатилган. Шундан келиб чиқиб, ЖПКнинг 33 ва 34-моддаларига тезкор-қидирув фаолияти устидан прокурор томонидан назорат олиб боришни белгиловчи қўшимчалар киритилмоқда.
Шунингдек, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонунда «тезкор-қидирув тадбирлари», Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида (бундан кейин -ЖПК) эса «қидирув ҳаракатлари» атамалари ишлатилган.
Шундан келиб чиқиб, қонунларда қўлланилган юридик атамаларни бирхиллаштириш мақсадида ЖПКнинг 36-моддасининг биринчи қисми, 39-моддасининг учинчи қисми, 343-моддасининг биринчи қисми ва 355-моддасининг иккинчи қисми бешинчи бандидаги «қидирув ҳаракатлари» атамасини «тезкор-қидирув тадбирлари» атамасига алмаштирган ҳолда тегишли ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, ЖПКнинг 339-моддаси иккинчи қисмида кўрсатилган «тезкор-қидирув чоралари» атамаси «тезкор-қидирув тадбирлари» атамасига алмаштириш таклиф этилмоқда.
«Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонуннинг 19-моддаси учинчи қисмида тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ текширилганидан ва баҳоланганидан сўнг далиллар сифатида эътироф этилиши мумкинлиги кўрсатилган. Бироқ, ЖПКнинг 81-моддасига тезкор-қидирув тадбирларининг натижалари далил турларига киритилмаган. Шундан келиб чиқиб, ЖПКнинг 81 ва 87-моддаларига тезкор-қидирув тадбирларининг натижаларини далил турларига киритилишини назарда тутувчи ҳамда ЖПК талабларига жавоб бермаган тақдирда, далиллар сифатида фойдаланилмаслиги ҳақидаги қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.
ЖПКнинг 329-моддаси иккинчи қисмида терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ўтказилиши мумкин бўлган тергов ҳаракатлари кўрсатиб ўтилган. Бироқ мазкур моддада терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бориш жараёнида тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш назарда тутилмаган.
Шу муносабат билан, мазкур моддага терговга қадар текширув ўтказаётган шахсга тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳақида топшириқ бериш ваколатининг берилишини назарда тутувчи қўшимча киритиш мақсадга мувофиқ.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар терговчининг топшириқларини бажаришда тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишнинг усул ва тактикаларини мустақил равишда танлаши мумкинлигини эътиборга олиб, ЖПКнинг 343-моддаси иккинчи қисми матнидаги «ва усуллари» сўзларини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 16-моддасига асосан фақатгина прокурор санкцияси ёки у билан келишилган ҳолда ўтказиладиган бир қатор тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилиши мумкин. ЖПК нормаларини мазкур талабларга мослаштириш мақсадида
382-моддасининг биринчи қисми ва учинчи қисмининг биринчи хатбошисида «тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш» сўзларини киритиш, ЖПКнинг 382-моддаси учинчи қисми ўнинчи хатбошисида «ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, почта жўнатмалари, телеграф хабарлари ҳамда алоқа тармоқлари орқали узатиладиган бошқа хабарлар сир сақланиши ҳуқуқларини, уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқини чекловчи тезкор-қидирув тадбирларини ўтказилишига» сўзлари билан тўлдириш таклиф этилмоқда.
Юқорида қайд этилганлар билан бир қаторда, мазкур қонун лойиҳаси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг номланиши амалдаги қонунчиликка мослаштирилди. Жумладан, ЖПКнинг матнидаги «милиция» сўзи «ички ишлар органи» сўзларига, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг номланиши эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.04.2006 йилдаги ПҚ-331-сонли қарорига мослаштирилди.
Бундан ташқари, қонун лойиҳаси «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонуннинг 14-моддасига ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.
Мазкур қонунни амалиётда қўллаш таҳлили қонунга тезкор-қидирув тадбирлари турларининг таърифини белгилаб қўйишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш зарурлигини тақозо этди.
Тезкор-қидирув тадбирларининг турлари Қонуннинг 14-моддасида кўрсатиб ўтилган бўлиб, улар: сўров; маълумотлар тўплаш; қиёсий текширув учун намуналар йиғиш; текшириш учун харид қилиш; назорат остида олиш; предметлар ва ҳужжатларни текшириш; тезкор кузатув; шахснинг айнанлигини аниқлаш; турар жойларни ва бошқа жойлар, бинолар, иншоотларни, жойнинг участкаларини ва транспорт воситаларини текшириш; почта жўнатмаларини, телеграф хабарларини ва бошқа хабарларни назорат қилиш; телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиш; алоқанинг техник каналларидан ахборот олиш; тезкор киритиш; назорат остида етказиб бериш; ниқобланган операциялар; тезкор эксперимент.
Шу билан бирга, Қонунда тезкор-қидирув тадбирларининг турларини қисқача мазмун ва моҳиятини тафсиловчи нормалар келтирилмаган. Шу муносабат билан, мазкур нормалар тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг махфий тусга эга бўлган идоравий ҳужжатларида кўрсатилган.
Юқорида кўрсатилган ҳолатлар тезкор-қидирув тадбирларининг у ёки бу турини ҳар хил талқин этилишига шароит яратиб беради.
Шуни таъкидлаш зарурки, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида» Қонуннинг 27-моддаси иккинчи қисмига кўра вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги белгиланган.
Тезкор-қидирув тадбирлари турларининг айримлари фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини чекланиши (ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувларнинг сир сақланиши, уй-жой дахлсизлиги) билан боғлиқ эканлиги сабабли уларни қонун билан аниқлаштириш зарур.
Шу билан бирга, таклиф этилаётган ўзгартиришлар миллий қонунчилигимизни БМТнинг коррупцияга қарши курашиш Конвенцияси талабларига мослашувини таъминлайди. Жумладан, Конвенциянинг 50-моддасида иштирокчи давлатлар тергов қилишнинг махсус турлари, хусусан, назорат остида етказиб бериш, электрон ва бошқа кузатув турлари ҳамда агент операцияларини қўллаши кўрсатилган. Халқаро тажрибани ўрганиш «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги қонунларда тезкор-қидирув тадбирлари турларининг тушунчаси белгилаб қўйилганлигини кўрсатди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонунга тезкор-қидирув тадбирлари турларининг ҳар бирини қисқача мазмун ва моҳиятини очиб берувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш мақсадга мувофиқ.
Ишонамизки, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши:
- «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида» Қонун нормаларини Жиноят-процессуал кодекси нормаларига мослаштириш ва уларнинг бир хил қўлланилишини;
- амалдаги қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар ва номутаносибликлар бартараф этилишини;
- тезкор-қидирув тадбирлари турларининг тушунчасини аниқлаштириш ва шу билан қонуннинг бир хил шарҳланиши ва тезкор-қидирув тадбирлари ўтказишда қонунчиликни тўғри қўлланилишини;
- бир-бирига ўхшаш тезкор-қидирув тадбирлари турларининг (масалан, текшириш учун харид қилишни назорат остида олишдан фарқлашни) маъносини тўғри тушунилиши ва аниқ белгиланишини;
- миллий қонунчиликни халқаро ҳуқуқдаги тергов қилишнинг махсус усулларидан фойдаланиш билан боғлиқ талабларга мослашувини таъминлайди.
*“norma.uz”cайтида жойлаштирилган.
Мавзу бўйича материаллар:
Қонунларимиз юқори самара ва унумдорлик билан ишлаши керак!
Қонун ижроси депутатлар назоратида
Қонунларга риоя этилишини назорат қилиш прокуратурага топширилади
Маъруф УСМАНОВ суҳбатлашди ва ёзиб олди.
“Жавоб берамиз!” Маълумот хизматидан: