Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Новое на buxgalter.uzЧем отличаются правила начисления амортизации в целях бухучета и налогообложения К каким видам доходов можно применить льготу по налогу на прибыль участникам СЭЗ Как использовать гарантийное удержание в хозяйственных договорах

Ташқи реклама бозорида қандай ўзгаришлар кутилмоқда

02.03.2020

Читать на русском языке

 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан реклама фаолияти соҳасига оид талаблар белгиланди ва ушбу соҳага тааллуқли низомлар тасдиқланди (20.02.2020 йилдаги 104-сон ВМҚга қаранг).

 

Мазкур қарор кучга киргунига қадар қонун ҳужжатларига мувофиқ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш учун тузилган шартномалар, берилган паспортлар, гувоҳномалар, сертификатлар, рухсатномалар ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатларнинг амал қилиши қуйидагича узайтирилади:

  • ер участкаларидаги ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун – 10 йил муддатга;
  • давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардаги объектлар учун – 5 йил муддатга.

 

Уларга давлат хизматлари марказлари орқали реклама жойлари паспортлари берилади. Видео экранли объектлар учун муддат қўшимча равишда 10 йилга узайтирилади.

 

Муддат белгиланган бир марталик йиғимни тўлаш шарти билан узайтирилади ҳамда ушбу маблағлар бир йил давомида ҳар ой тенг тақсимланган ҳолда туманлар (шаҳарлар) маҳаллий бюджетига ўтказилади. Видео экранли объектлар учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланадиган йиғимларни тўлаш чоғида 0,5 коэффициент қўлланилади. Миллий байрамлар, хорижий давлатлар раҳбарларининг давлат ташрифлари ва бошқа давлат тадбирларига оид ахборот ташқи реклама объектларида (конструкцияларида) жойлаштирилганда, ойлик йиғим миқдори тегишли ҳокимлик қарорига биноан жойлаштирилган кунларга мутаносиб равишда камайтирилади.

 

Қалбакилаштирилган ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар, шунингдек ваколатли органнинг рухсатисиз ўрнатилган бундай объектлар бўйича ҳужжатларнинг муддатини узайтиришга рухсат берилмайди.

 

Қонуний равишда ўрнатилган барча ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) мазкур қарор талабларига мослаштириш учун 6 ой муддат берилади. Ушбу муддатда белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади (демонтаж қилинади) ҳамда ер майдони тартибга келтирилади. Акс ҳолда қурилмалар суд тартибида маҳаллий ҳокимлик томонидан демонтаж қилинади ва барча харажатлар объект эгаларидан ундирилади. 

 

Битта реклама жойида бир нечта ташқи реклама объектлари қурилганлиги ва улар турли тадбиркорлик субъектларига тегишли эканлиги аниқланган тақдирда, қайта аукцион ўтказиш орқали ушбу жойда фақат битта ташқи реклама объектини қуриш ҳуқуқи берилади. 

 

2020 йил 1 мартдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августдаги 702-сон қарорига мувофиқ реклама соҳасида амалга ошириши лозим бўлган фаолияти бўйича ишчи органи сифатида Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси тузилмасидаги «Архитектура-режалаштириш бюроси» белгиланади. Унга қуйидаги вазифалар юкланади:

  • ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкаларини аниқлаб, уларнинг рўйхатини шакллантириш;
  • ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) тизимли мониторинг қилиш, уларни ноқонуний жойлаштириш ҳолатларини аниқлаш ва тегишли чора кўриш учун ваколатли органга таклифлар киритиш.

 

Бунда Тошкентда ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқи («E-IJRO AUKSION» орқали) фақат юқори технологияли ташқи реклама объектларига (конструкцияларига) берилади. 2020 йил 31 декабрга қадар биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида ҳамда 2021 йил 31 декабрга қадар иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида жойлаштирилган ташқи реклама объектлари юқори технологияли қурилмаларга босқичма-босқич ўзгартирилади. Биринчи даражали марказий қатнов кўчаларида фақат видео экранли ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчаларида аралаш турдаги юқори технологияли ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилади.

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 1 ой муддатда биринчи даражали ва иккинчи даражали марказий қатнов кўчалари рўйхатини тасдиқлаши лозим. Ушбу муддатда белгиланган талабларга мослаштирилмаган реклама объектлари (конструкциялари) уларнинг эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади (демонтаж қилинади) ҳамда ер майдони тартибга келтирилади ёхуд бу ишлар суд тартибида тегишли ҳокимлик томонидан амалга оширилади ва барча харажатлар объект эгаларидан ундирилади.

 

Шаҳар (туман) ҳокимликлари олдига ташқи рекламани жойлаштириш соҳасида тегишли вазифалар қўйилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Бош прокуратура, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, ИИВ, Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан  ташқи реклама объектларини хатловдан ўтказиш ҳамда қарорда кўрсатилган масалаларни ҳал этиш учун ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилади.

 

Қурилиш вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ташқи реклама объектларининг (конструкцияларининг) ягона электрон реестрини шакллантиради ва ўзининг расмий веб-сайтига жойлаштиради. 

 

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) қуриш учун бериладиган ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Ўрнатилган ташқи реклама объектлари (конструкциялари) учун тўловлар миқдорини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Ташқи реклама объектлари (конструкциялари) хавфсизлигининг умумий техник регламенти.

 

Ушбу ҳужжатларнинг мазмуни кейинги шарҳларимизда ёритилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.02.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Анвар Иркаходжаев.