Вазирлар Маҳкамасининг 2.11.2018 йилдаги 904-сон қарори билан Давлат божи ставкаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Ўзгартиришлар оталикни тан олиш (белгилаш) тўғрисидаги аризалар, никоҳ шартномалари, алимент тўлаш ҳақида келишувлар, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома, ижарага бериш, қарз ва кафиллик шартномаларига дахл қилган.
Биринчидан, судларга бериладиган оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилганлиги, шунингдек туғилган вақти фактларини аниқлаш тўғрисидаги аризалар давлат божидан озод қилинди. Илгари, алоҳида кўриладиган ишлар бўйича бошқа аризалардан бўлгани сингари, улардан 1 ЭКИҲ миқдорида (материал эълон қилинган санада – 202 730 сўм) давлат божи ундирилган.
Бундан ташқари, никоҳ шартномасини (илгари – 25% ЭКИҲ) ва алимент тўлаш ҳақида келишувни (илгари – 20% ЭКИҲ) нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божи бекор қилинди. Бу ана шундай шартномаларга ўзгартиришлар киритиш ва уларни бекор қилишга ҳам тааллуқли.
Иккинчидан, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берганлик учун давлат божини ҳисоблаш принципи ўзгартирилди. У мерос қилинаётган мол-мулк суммасидан фоизларда (вориснинг навбатига қараб 0,1%дан 2%гача) ундирилар эди.
Масалан, 1 хонали квартиранинг кадастр қиймати – 60 млн сўм. Биринчи навбатдаги ворис учун давлат божи – 60 минг сўмни, иккинчи навбатдаги ворис учун – 300 минг сўмни, қолганлар учун эса 1,2 млн сўмни ташкил этган.
Энди кўчмас мулк ёки автотранспорт мерос қилиб олинаётганда ҳар бир объект учун ЭКИҲнинг 50%и (материал эълон қилинган санада – 101 365 сўм) тўланади. Бошқа мол-мулк турлари учун эса – ЭКИҲнинг 30%и (материал эълон қилинган санада – 60 819 сўм).
Учинчидан, корхонани бошқа шахсга ўтказиш шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ставка алоҳида ажратиб кўрсатилди. У 1 ЭКИҲни ташкил этади.
Тўртинчидан, қуйидагича аниқлик киритилмоқда: ижарага бериш ёки кафиллик шартномаси тарафларидан лоақал биттаси юридик шахс бўлса, уларни нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божининг энг юқори ставкаси қўлланилади (ижарага бериш бўйича – 2 ЭКИҲ, кафиллик бўйича – ЭКИҲнинг 50%и). Бу Ставкаларда алоҳида кўрсатилмаган шартномалар турларига ҳам тааллуқли (улар бўйича энг юқори ставка – 1 ЭКИҲ).
Бундан ташқари, айрим шартномаларни нотариал тасдиқлаганлик, уларга ўзгартиришлар киритганлик ёки уларни бекор қилганлик учун ставкаларга аниқлик киритилди:
Шартноманинг тури |
Стандарт ставка |
Ўзгартириш киритганлик учун ставка |
Бекор қилганлик учун ставка |
Ижарага бериш шартномаси |
– жисмоний шахслар учун – 1 ЭКИҲ; – юридик шахслар учун – 2 ЭКИҲ |
Стандарт ставка билан бир хил |
Стандарт ставканинг 50%и |
Қарз шартномаси |
– 100 ЭКИҲгача суммадаги – ЭКИҲнинг 25%и;
– 100 ЭКИҲдан 300 ЭКИҲгача суммадаги – ЭКИҲнинг 50%и;
|
Стандарт ставканинг 50%и |
Стандарт ставканинг 50%и |
Кафиллик шартномаси |
– жисмоний шахслар учун – ЭКИҲнинг 25%и; – юридик шахслар учун – ЭКИҲнинг 50%и |
Стандарт ставка билан бир хил |
Стандарт ставка билан бир хил |
Эслатиб ўтамиз, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинди. Бироқ бундай битимларнинг барчаси солиқ органларида ҳисобга қўйилиши керак. Бу ҳақда батафсил – бу ерда.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 10.11.2018 йилдан кучга киради.
Самир Латипов.