Президентнинг 9.08.2017 йилдаги ПҚ-3183-сон “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат давлат раҳбари сайтида жойлаштирилган.
2017/2018 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги ОТМда педагогика йўналишлари бўйича махсус сиртқи бўлимлар очилади:
- Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети;
- Андижон давлат университети;
- Бухоро давлат университети;
- Гулистон давлат университети;
- Қарши давлат университети;
- Наманган давлат университети;
- Самарқанд давлат университети;
- Термиз давлат университети;
- Урганч давлат университети;
- Фарғона давлат университети;
- Жиззах давлат педагогика институти;
- Навоий давлат педагогика институти;
- Нукус давлат педагогика институти;
- Қўқон давлат педагогика институти;
- Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти.
У ерга ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига ҳамда камида 3 йил педагогик амалий иш стажига ҳамда вазирликлар ва идоралар томонидан бериладиган тавсияномага эга шахслар қабул қилинади. Сиртқи таълим тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Кўрсатилган олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумот бериш сиртқи таълим шаклида ташкил этилади. Бу ҳолатда ўқиш бакалавриатнинг 2-курсидан (ўқув режалардаги фанлар фарқидан қатъи назар) бошланади ва камида 3 йил муддатни ташкил этади.
Сиртқи бўлимда ўқиётган талабаларга имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтида уларнинг ойлик маошлари асосий иш жойида сақланган ҳолда 2 марта ўқув таътиллари берилади.
Ҳар бир таътилнинг муддати – 1 ой. У, қоидага кўра, умумтаълим муассасаларидаги қишки ва ёзги таътил вақтига тўғри келган даврда берилади. Бунда уларга белгиланган тартибдаги йиллик меҳнат таътилларини бериш тартиби ҳам сақланиб қолади.
Талабаларнинг олий таълим муассасасида ўқишда бўлган даврига тўғри келадиган дарс соатлари ўқишга юборган таълим муассасасининг ўқитувчилари (ходимлари) томонидан меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартлари асосида ўтилади.
Сиртқи бўлимни якунлаган талаба йўлланмада кўрсатилган таълим муассасасида (ташкилотда) 5 йилдан кам бўлмаган муддатда ишлаб бериши керак. Бу мажбурият вазирлик (идора), ОТМ ва талаба ўртасидаги уч томонлама шартномада ёзилади.
Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси 2017/2018 ўқув йили учун:
- олий таълим муассасалари махсус сиртқи бўлимларида ўқиш учун тавсиянома берувчи вазирликлар ва идоралар рўйхатини;
- мактабгача, мактаб ва мактабдан ташқари таълим муассасалари эҳтиёжлари асосида вазирликлар ва идоралар томонидан берилган таклифларни инобатга олган ҳолда махсус сиртқи бўлимларга қабул квоталарини;
- махсус сиртқи бўлимларга қабул қилиш тартиби ва мезонлари ҳамда
уч томонлама шартнома шаклини тасдиқлайди.
2017/2018 ўқув йили учун махсус сиртқи ва сиртқи таълимларда ўқув жараёни истисно тариқасида 1 октябрдан бошланади.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.