29.01.2018 йилдаги ЎРҚ–463-сон Қонун билан Жиноят-процессуал кодексга (ЖПК) шундай ўзгартишлар киритилди.
Эслатиб ўтамиз, ЖПКнинг 13-моддаси жиноят ишларини ҳайъатда ва якка тартибда кўриб чиқиш принципини белгилайди. Ҳозир улар, жиноятнинг оғирлигига қараб, биринчи инстанция суди томонидан қуйидагича кўрилади:
- битта профессионал судья (раислик қилувчи) ва иккита халқ маслаҳатчиси таркибидаги ҳайъатда – оғир ва ўта оғир жиноятлар тўғрисидаги ишлар;
- судья томонидан якка тартибда – ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар тўғрисидаги ишлар.
1.04.2018 йилдан кейин оғир жиноятлар биринчи инстанция бўйича битта профессионал судья томонидан, яъни якка тартибда кўрилади. Халқ маслаҳатчилари фақат ўта оғир жиноятлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга жалб этилади.
Маълумот учун. Биринчи инстанция суди – ҳар доим ҳам жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди бўлавермайди. ЖПКнинг 389-моддасига мувофиқ бир қатор жиноятлар таркиблари бўйича Қорақалпоғистон жиноят ишлари суди, жиноят ишлари бўйича вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, ҳатто Олий суд ана шундай суд бўлиши мумкин.
Бунда Олий суд биринчи инстанция бўйича жиноят ишларини доим 3 нафар судья таркибида кўриб чиқади.
Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 1.04.2018 йилдан кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқинда танишиш мумкин.
Самир Латипов.