Солиқ кодексининг матнидан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи тўғрисидаги барча эслатмалар олиб ташланди.
Юридик шахслар солиқ солишнинг умумбелгиланган тизимида фойдадан иккита солиқ ─ фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашар эди. Охиргиси маҳаллий солиқ ҳисобланиб, фойда солиғи ушлаб қолингандан кейин юридик шахснинг тасарруфида қолган фойдадан тўланар эди. Мазкур солиқнинг 2017 йилдаги энг юқори ставкаси 8%ни ташкил қилган эди.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бир хил солиқ солиш базасига эга бўлгани боис 2018 йилдан бошлаб улар ягона фойда солиғига бирлаштирилди. Бу:
- умумбелгиланган солиқ тўловчилар томонидан топшириладиган ҳисоб-китоб ва ҳисоботлар сонини камайтириш;
- солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш имконини беради.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.