Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

2035 йилгача бўлган даврда ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланди

20.06.2024

Рус тилида ўқиш

Вазирлар Маҳкамасининг 15.06.2024 йилдаги “Ёқилғи-энергетика тармоғида тариф сиёсатини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 337-сон қарори қабул қилинди. 

 

Президентнинг “Энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 28 сентябрдаги ПФ-166-сон Фармонига мувофиқ 2035 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари тасдиқланди. Булар:

  • истеъмолчиларни электр энергияси ҳамда табиий газдан асосланган, рақобатли ва адолатли тарифлар бўйича фойдаланишини таъминлаш;
  • ёқилғи-энергетика тармоғининг молиявий барқарорлиги ва инвестиция жозибадорлигини таъминлаш;
  • ишлаб чиқариш қувватларини, жумладан, ДХШ шартлари асосида кенгайтириш, модернизация ва диверсификация қилиш, ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини таъминлаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;
  • тарифларни белгилашда такрорий субсидиялаш амалиётини босқичма-босқич бекор қилиш ва манзилли субсидиялар бериш орқали аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш;
  • ёқилғи-энергетика тармоғида шаффоф, изчил ва олдиндан тахмин қилиш имкониятини берувчи тартибга солишни ўрнатиш, шу жумладан, инвесторлар учун тартибга солиш таваккалчилигини камайтириш мақсадида тарифларни узоқ муддатга белгилаш амалиётини босқичма-босқич жорий қилиш;
  • республиканинг барча ҳудудларида 2035 йилга қадар аҳолига электр энергияси ва табиий газ ягона нарх сиёсати асосида сотилишини таъминлаш.

 

Шунингдек, ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:

  • Электр энергияси ва табиий газ учун тарифларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом;
  • Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясининг таркиби;
  • Идоралараро тариф комиссияси тўғрисидаги низом.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида давлат тилида эълон қилинган ва 01.04.2025 йилдан кучга киради.

 

Лола Абдуазимова