Президент томонидан 24.05.2024 йилдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги ПФ-80-сон Фармон имзоланди.
2024 йил 1 июлдан бошлаб "Мадад" ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари. Бюролар томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида "Маҳалла ҳуқуқшуноси" лойиҳаси амалга оширилиб, лойиҳа доирасида маҳалла раисларининг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб боришга қаратилган қисқа муддатли бепул ўқув курслари ташкил этилади.
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни маҳаллаларда “Ҳуқуқий тарғибот куни” ўтказилади. Бунда Адлия вазирлиги тизими ходимлари:
- "Online-mahalla" платформасига киритилган ва жойларда аниқланган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимларига қаратилган манзилли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш;
- аҳоли учун энг долзарб масалаларни аниқлаш орқали улар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар бериш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари учун имтиёзлар ва моддий ёрдам бериш, нафақа тайинлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, вақтинчалик иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам олиш тартиби бўйича тизимли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ўтказиш каби ишларни амалга оширишади.
2024 йил 1 июлдан:
- “Моbile-ID” тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ID-карта ва хорижга чиқиш паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
- корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан архив ҳужжатлари ўрнатилган тартибда йўқ қилинишида, уларнинг электрон нусхаларини талаб этиш амалиёти бекор қилинади;
- нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.
2024 йил якунига қадар давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Ғасе-ID) усули жорий қилинади. Бунда, фуқаролар томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб этилмайди.
Мактабларда 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб:
- Адлия вазирлигининг махсус электрон платформаси орқали ҳуқуқ фани ўқитувчиларининг касбий билим ва кўникмаларини узлуксиз ошириб бориш ҳамда уларни методик таъминлаш тизими йўлга қўйилади;
- ўқувчилар ўртасида "Ҳуқуқ билимдони" фан олимпиадаси, ҳуқуқ фани ўқитувчилари ўртасида "Энг яхши ҳуқуқ ўқитувчиси" кўрик-танлови ўтказиб борилади.
Шунингдек, юридик таълим соҳасида:
- мактабларда "Ҳуқуқ синфи" ва ҳуқуқ фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини ташкил этиш орқали юридик кадрларни тайёрлашда "мактаб - лицей - техникум - университет" тизимини жорий этилади;
- Наманган ва Самарқанд вилоятлари юридик техникумлари негизида Тошкент давлат юридик университетининг академик лицейларини ташкил қилиниб, уларнинг иқтидорли битирувчилари "юриспруденция" йўналишидаги олий таълим муассасаларига суҳбат асосида тест синовларисиз қабул қилинади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.05.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев