Президентнинг 13.04.2018 йилдаги ПҚ–3666-сон қарори билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ҚҲТБТ порталида жамоатчилик муҳокамасига қўйиш ҳамда Президент ва Вазирлар Маҳкамасига киритиладиган лойиҳаларни Адлия вазирлиги билан келишиш мажбурияти жорий этилмоқда.
2018 йил 1 майдан бошлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан янгича ишлаш қоидалари амал қила бошлайди.
Биринчидан, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ҚҲТБТ) энди норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг (бундан кейин – НҲҲ) барча лойиҳалари жойлаштирилади.
Илгари Вазирлар Маҳкамасининг 2.12.2014 йилдаги 328-сон қарори билан фақат тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга таъсир этадиган лойиҳалар бўйича бундай муҳокама қилиш мажбурияти белгиланган эди. У манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишишдан олдин ўтказилади. Бунда лойиҳани ҚҲТБТ порталида жойлаштириш учун аниқ мезонлар Ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 4-бандида белгиланган эди.
Иккинчидан, НҲҲ лойиҳалари Адлия вазирлигининг ҳуқуқий экспертиза якунлари бўйича уларни қабул қилиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси мавжуд бўлгандагина Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонига киритилади. Бунда НҲҲ лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси улар манфаатдор вазирликлар билан келишилгандан кейин, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонлари таркибий бўлинмаларида лойиҳанинг концептуал қоидалари ўзгартирилганда такрорий равишда вазирлик томонидан амалга оширилади.
Илгари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти (Вазирлар Маҳкамасининг 14.02.2005 йилдаги 62-сон қарорига илова) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Регламенти (Президентнинг 28.07.2017 йилдаги ПҚ–3161-сон қарорига илова) билан бундай экспертиза назарда тутилган эди. Бироқ Вазирлар Маҳкамаси ва Президент девонларида лойиҳага қайта ишлов берилгандан кейин уни ўтказиш мажбурий бўлмаган.
Бунда НҲҲ лойиҳасини кўриб чиқишга киритиш ёхуд уни қабул қилиш учун Адлия вазирлигининг хулосаси ижобий бўлиши шарт эмас (маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг НҲҲ лойиҳаларидан фарқли равишда, қуйига қаранг).
Учинчидан, лойиҳалари юзасидан ҳудудий адлия органлари ижобий хулоса бермаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қабул қилиши амалда тақиқланди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, юридик-техник расмийлаштириш ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқномага мувофиқ бундай экспертиза ўтказиш илгари ҳам мажбурий эди. Бироқ унинг натижалари маҳаллий Халқ депутатлари кенгашлари ва ҳокимлар норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар қабул қилишини чекламас эди.
Тўртинчидан, вазирлик ва идоралар, агар уларга қонун ҳужжатлари, Президентнинг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш ёки муайян ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича ваколатлар берилган бўлса, идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишлари мумкин.
Илгари вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар ваколатининг бундай талқини адлия вазирининг ўзи тасдиқлаган Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларида (28.02.2014 йилда 2565-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мавжуд эди.
Бундан ташқари, 1.01.2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида 17.06.1993 йилгача қабул қилинган ва Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган идоравий умуммажбурий ҳужжатлар, шу жумладан собиқ Иттифоқ идоравий ҳужжатларининг амал қилиши тўхтатилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.04.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Самир Латипов.