Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Қайси ҳолларда курсдаги фарқлар бўйича бир томонлама ҳисобварақ-фактура расмийлаштирилади Кимга бюджетга тўланган ҚҚСнинг бир қисми қоплаб берилади Ходимларнинг соғлиғини сақлаш бўйича харажатлар қандай солиқ оқибатларига олиб келади

Адвокатлик тузилмалари учун ЯИТ камайтирилади

26.01.2018

 

Адвокатура тузилмалари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уларнинг мустақиллигини таъминлаш ва  солиқ имтиёзларини тақдим этиш 2018 йил учун Давлат дастурида ўз аксини топган (Президентанинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармони билан тасдиқланган).

 

Кўрсатилган йўналишда қатор чора-тадбирлар режалаштирилган:

 

1 – юридик консалтинг билан шуғулланадиган ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаш. Назарда тутилишича, мазкур фаолият лицензияланмайди. Бу тадбиркорлик субъектларини юридик ёрдам билан кенгроқ қамраб олиш имконини беради.

 

Маълумот учун: тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатиш лицензияланиши лозим бўлган адвокатлик фаолиятига киради («Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 3, 5-моддаларига қаранг).

 

2 – адвокатлар учун солиқ юкини оптималлаштириш. Хусусан, адвокатлик тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ва адвокатлардан ундириладиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасини камайтириш режалаштирилган.

 

Маълумот учун: адвокатлик тузилмалари бугунги кунда ЯИТни 25% ставка бўйича тўламоқда (масалан, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари  – 15%). 2018 йил учун ЖШДС ставкалари  – бу ерда.

 

3 – адвокатларнинг давлат идоралари, корхоналари ва ташкилотларида юрисконсульт бўлиб ишлашига рухсат бериш. Айни пайтда чеклов амал қилади: адвокат илмий ва педагогик фаолиятдан, шунингдек Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас.  

 

Тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш 2018 йил 20 апрелга белгиланган. Ижрочилар – Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, ДСҚ ва Адвокатлар палатаси.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида расман эълон қилинган ва 23.01.2018 йилда кучга кирди.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин. 


 

Анвар Иркахўжаев.