Президентнинг 22.11.2024 йилдаги "Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-402-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан тасдиқланган 2025-2030 йилларда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури доирасида бирламчи тиббиёт бўғинида 30-65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси шакллантирилади, шунингдек уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тартиби ишлаб чиқилади.
Скрининг натижасида аниқланган онкологик касаллиги бўлган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
2025 йил 1 январдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида соғлиқни сақлаш тизимида оптималлаштириладиган штат бирликлари ҳисобидан штат бирликлари жорий этилади:
- онконазорат хонаси учун акушер-гинеколог шифокор;
- кўчма ва стационар маммографлар ишини икки сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар.
Шу билан бирга, саратонни назорат қилиш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилади. Унинг ишчи органи Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази, шунингдек Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлади.
Кенгашнинг асосий вазифалари – бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилишга қаратилган лойиҳаларни мувофиқлаштириш, шунингдек фақат синовдан ўтган тестлар, фармацевтика маҳсулотлари ва вакциналар, далилларга асосланган ташхис ва даволаш усулларининг қўлланилишини назорат қилиш.
Шунингдек, 2025 йил 1 январдан нодавлат тиббиёт ташкилотларини бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига жалб қилиш, шунингдек Давлат тиббий суғурта жамғармаси орқали хизматлар харидини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Бунда бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингини ўтказишда кўрсатиладиган хизматлар харидининг нархлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, шунингдек Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 25.11.2024 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова