Вазирлар Маҳкамаси томонидан 6.10.2021 йилдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш борасидаги ишларни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 625-сон қарор қабул қилинди.
Президентнинг 19.05.2021 йилдаги «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-5116-сон қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича республика маркази ва жойларда 28 та ҳудудий ҳамда туманлараро намунали марказлар ташкил этилди. Ушбу қарор билан зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилади:
- хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ўқув-методик қўлланмаларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш;
- тажрибали психолог мутахассисларни жалб этган ҳолда, фуқаролар билан якка тартибда учрашувлар ташкил этиш ҳамда уларга манзилли ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш тизимини шакллантириш;
- республиканинг олис ҳудудларида яшовчи аҳоли ўртасида руҳий касал ёки руҳиятининг ўзгариши билан боғлиқ бошқа касалликларга мойиллиги бўлган шахслар билан ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш;
- аҳоли ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.
Қабул қилинган ҳужжат билан қуйидагилар Марказлар фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:
- Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
- халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
- қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.
Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан:
- Республика марказига ҳамда ҳудудий марказларга биттадан автомобиль сотиб олинади;
- марказлар ходимларига иш ҳақи ва устамалар тўланади;
- 1146 қисқа рақамли «ишонч телефони» узлуксиз ишлаши таъминланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 7.10.2021 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.