Президентнинг 30.07.2020 йилдаги «Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4795-сон қарори қабул қилинди.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилган:
- аграр таълим бакалавриат йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этиш. Бундай тизим доирасида талабалар учун 5 кунлик ўқиш ҳамда шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгилаш;
- хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этиладиган қўшма таълим дастурларининг ўқув режалари ва фан дастурларини аграр соҳа олий таълим муассасалари томонидан хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда мустақил тасдиқлаш;
- қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратура мутахассисликларида ўқиш муддатини 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланувчи иқтидорли талабалар учун ўқиш муддатини 2 йил этиб белгилаш;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимларни тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда ўқиш муддатини сиртқи таълим шаклида 4 йил этиб белгилаш. Тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;
- тажриба-синов тариқасида, Тошкент давлат аграр университетида (кейинги ўринларда – Аграр университет) бакалавриат таълим йўналишларининг сиртқи таълим шакли бўйича масофавий таълим олиш тизимини босқичма-босқич йўлга қўйиш;
- хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдорини, истисно тариқасида, 2 бараварга камайтириш;
- «Касбий таълим (йўналишлар бўйича)» бакалавриат йўналишида кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш.
Қуйидагилар ташкил этилади:
а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги «Агроинновация» ДУК ва Аграр университет ҳузуридаги Ғўза уруғчилиги маркази негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази (кейинги ўринларда – Миллий марказ);
б) 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:
- Аграр университетнинг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтини (кейинги ўринларда - Институт) ташкил этиш;
- Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тасарруфига ўтказилган қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежлари негизида олий мактаблар ўрнига агротехнологиялар техникумларини ташкил этиш.
Ташкил этилаётган Аграр университетнинг Андижон филиалида 2019/2020 ўқув йилида тегишли таълим йўналишлари ва мутахассисликларида таҳсил олаётган талабаларга уларнинг ўқишини тугатгунига қадар Институтда ўқишини якунлаш имконияти яратилади.
Техникумларга ишга қабул қилишда аграр соҳадаги олий таълим муассасалари ҳамда ҳудудларда жойлашган олий таълим муассасаларининг турдош кафедралари профессор-ўқитувчиларига устуворлик берилади. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар якка тартибдаги суҳбат асосида кириш имтиҳонларисиз қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасаларининг мос бакалавриат таълим йўналишларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.
Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази тизимига ўтказган ҳолда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этилади.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- олий таълим муассасаларининг кафедраларига йўналишлар бўйича бириктириладиган агросаноат мажмуига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари, илмий марказлар ва ташкилотлар рўйхати;
- 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Институтда ташкил этиладиган янги бакалавриат таълим йўналишида ва магистратура мутахассисликлари рўйхати;
- 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб фаолият юритадиган агротехнологиялар техникумлари рўйхати.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида профессор-ўқитувчилар ва илмий-тадқиқотчилари томонидан олиб борилган илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш ҳамда хўжалик шартномалари ҳисобидан тушган маблағлардан тўланадиган солиқ ставкалари 2 бараварга камайтирилади.
2021 йил 1 январдан бошлаб профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар хорижий давлатларнинг етакчи олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мақсадли стажировка ўташга юборилади. Харажатлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ва Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига қопланади.
Қуйидаги вазифалар топширилди:
- Қишлоқ хўжалиги вазирлигига манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда – хорижий экспертларни жалб этган ҳолда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини тубдан такомиллаштиришни назарда тутувчи Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими стратегияси, шунингдек «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш;
- Вазирлар Маҳкамасига – Аграр таълим тизимини 2030 йилгача бўлган инновацион ривожланиш стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.07.2020 йилдан кучга кирди.
Эльмира Сиразиева.