Президент 04.01.2024 йилдаги 5-сон «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлари тўғрисида» Қарор имзолади.
Қандай рағбатлантириш чоралари назарда тутилган?
Йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатган тадбиркорларга экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этишга рухсат берилади. Бунда уларга жарима шаклида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи тўланади.
Аҳоли чиқиндихоналарга айланган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш воситаларини ўрнатиш учун Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига аризалар юбориши мумкин бўлади. Ариза йўллаган шахслар шунингдек жарима миқдорининг 20% миқдорида мукофот билан рағбатлантирилади.
Экологик патрулларга жалб қилинган Миллий гвардия ва Ички ишлар вазирлигининг ходимлари жарима миқдорининг 10% миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.
Санитар тозалаш корхоналарининг чиқиндиларни юклаш, ташиш, жойлаштириш ва саралаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари ҳамда ободонлаштириш бошқармаларининг тозалаш ишлари билан шуғулланувчи ишчилари хизматлари учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари белгиланади:
● ишчилар, экофаоллар ва жамоатчилик экология назоратчиларига ҳар ой 100 та велосипед ва бошқа мукофотларни бериш;
● ҳар йили камида 10 йиллик иш стажига эга бўлган ходимлар ўртасида "Табиат уйғунлиги ҳимоячиси" танловини ўтказиш, шунингдек ушбу тоифадаги ходимларнинг 100 нафари учун ОТМларга тўлов-контракт асосида ўқишга кирган фарзандлари ва невараларига контрактининг тўлиқ суммаси тўлаб берилади. Бунда ушбу талабаларга келгусида давлат идоралари ва ташкилотларида камида 3 йил ишлаб бериш мажбурияти юклатилади.
Шунингдек, ҳар йили "Энг тоза маҳалла" танловини ўтказиш ва танлов натижалари бўйича ғолиб бўлган 14 та маҳаллага:
● маҳалланинг тегишли жамғармасига чиқинди йиғиш майдончаларини қуриш, чиқинди контейнерларини ўрнатиш ва дарахтларни экиш учун 500 млн сўмдан ўтказиб бериш;
● хизматда фойдаланиш учун биттадан электромобиль харид қилиш ва топшириш режалаштирилган.
Қандай жавобгарлик чоралари жорий этилади?
3 ой ичида қуйидагиларни назарда тутувчи норматив ҳуқуқий ҳужжат (НҲҲ) лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган:
● чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш;
● ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашё ёки ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини мусодара қилиш шаклида жазо жорий этиш;
● чиқиндилар ташлаб кетилган жойни тозалаш ва чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш мажбуриятини белгилаш;
● қуйидагилар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш:
● чиқиндиларни тўплаш майдончалари ва уларнинг қўриқланмайдиган иншоотларидан чиқиндиларни ноқонуний равишда тўплаш ва олиб чиқиб кетиш;
● кимёвий, биологик ва бактериологик воситалардан фойдаланган ҳолда атроф-муҳитга зарар етказиш, шунингдек бинолар, иншоотлар ёки бошқа объектларни қуриш, қайта қилиш, реконструкция қилиш ва ўз ҳудудида қўшимча бино ва иншоотларни қуриш ҳамда капитал таъмирлаш вақтида атроф-муҳитга зарар ектказиш, шу жумладан экинларга, ўрмонларга, дарахтларга ёки бошқа ўсимликларга қасддан шикаст етказиш, пайҳон ва нобуд қилганлик;
● ҳудудларни тозалашга масъул бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўз вазифаларини бажармаганлиги натижасида атроф-муҳитнинг ифлосланиши учун жавобгарлик киритиш ҳамда ушбу ҳудудларни тозалаш ва чиқиндиларни олиб кетиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш механизмини жорий этиш.
Қарздорликни камайтириш учун қандай чоралар кўрилади?
2024 йил 1 апрелдан бошлаб кўчмас мулк ҳамда автотранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни нотариал тасдиқлашда қарздорлик мавжудлиги Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизими орқали онлайн режимда текширилиб, қарздорлик бартараф этилганидан кейин нотариал ҳаракат амалга оширилади.
Чиқинди хизматлари учун тўловларни қабул қилиш ҳамда абонентлар ҳисобини юритиш фақатгина Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш Республика маркази биллинг тизими, электрон тўлов тизимлари ёки тижорат банкларининг тўлов қабул қилиш кассалари орқали амалга оширилади.
Чиқинди хизматлари бўйича қарздорликни бартараф этмаганига қадар абонентларнинг электр энергияси учун тўловларини қабул қилишни вақтинчалик чеклаш жорий қилинмоқда (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланмаган ҳудудлар бундан мустасно). Чеклов:
● 2024 йил 1 июндан Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоят марказларида чиқинди хизматлари бўйича 6 ойлик қарздорлик бўйича;
● 2024 йил 1 ноябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида чиқинди хизматлари бўйича 3 ойлик қарздорлик бўйича;
● 2025 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида чиқинди хизматлари бўйича бир ойлик қарздорлик учун жорий қилинмоқда.
Саралаш ҳақида нима дейиш мумкин?
2024-2026 йилларда Тошкент, Ангрен, Андижон, Бухоро ва Термиз шаҳарлари ҳамда Тошкент туманидаги кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқиндиларни чиқинди йиғиш майдончаларида "қайта ишланадиган", "қайта ишланмайдиган" ва "озиқ-овқат" тоифаларига ажратган ҳолда йиғиш ташкил этилади.
2024 йил 1 июлга қадар мазкур ҳудудларга хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари томонидан чиқиндиларни тоифаларга ажратган ҳолда тўплаши учун қуйидаги турдаги махсус чиқинди пакетлари (QR-код билан) билан фуқаролар бепул таьминланади:
● қайта ишланадиган қаттиқ маиший чиқиндилар учун – шаффоф, рангсиз;
● қайта ишланмайдиган қаттиқ, маиший чиқиндилар учун – қора ранг;
● озиқ-овқат чиқиндилари учун – жигарранг.
Баъзи чиқиндиларни олиб чиқиш учун лицензия талаб қилинади
2025 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший, қурилиш, суюқ маиший, тиббиёт, саноат, хавфли ва заҳарли чиқиндиларни ташиш лицензияланадиган фаолият ҳисобланади. Бунда махсус техникалари GPS ва махсус камераларга эга бўлиши ҳамда махсус техникаларнинг GPS ҳаракатини махсус камералар орқали онлайн кузатиб туриш лицензия талабларидан бири этиб белгиланди.
Давлат- хусусий шерикчилик
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоят ҳокимликларига давлат шериги сифатида ободонлаштириш бошқармасининг функцияларини давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектларига ўтказиш ҳуқуқи 6ерилди.
Бунда, 2024-2025 йилларда ҳар бир вилоятда тажриба тариқасида камида биттадан туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармаларининг функциялари давлат-хусусий шериклик acосида тадбиркорлик субъектларига ўтказилади.
Аҳолига қулай санитария-гигиена шароитларини яратиш, туристик жозибадорликни ошириш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш мақсадида 2024 йил 1 майдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига жамоат жойлари, ижтимоий объектлар ва аҳоли пунктларининг белгиланган жойларида санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш ҳуқуқи берилади. Бунда:
• туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан жамоат санитария-гигиена шохобчалари қурилиши мумкин бўлган жойларнинг дислокацияси ҳамда мазкур ҳудуддаги инфратузилма объектлари ва аҳоли ҳаракати гавжумлиги даражаси тўғрисидаги маълумотлар "E-auksion" тизимидаги алоҳида веб-саҳифада эълон қилиб боради;
• санитария-гигиена шохобчалари ўрнатиладиган жойларни тадбиркорлик субъектларига бириктириш электрон аукцион савдолари орқали амалга оширилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 06.01.2024 йилдан кучга кирди.
Собир Нурбердиев