Президентнинг 6.05.2017 йилдаги Қарори билан тегишли ҳудудда аҳоли бандлигининг прогноз параметрларини бажарганлик учун рағбатлантириш ва шахсий жавобгарлик тизими жорий этилди. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.
Шу тариқа, 1.07.2017 йилдан бошлаб:
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимлари аҳоли бандлиги ўсишининг тасдиқланган ҳар чорак прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаган тақдирда уларга лавозим маошларининг 15%и миқдорида мукофот тўланади, прогноз кўрсаткичлари бажарилиши таъминланмаган тақдирда лавозим маошларининг 15%и миқдорида жарима шаклида интизомий жазо чоралари қўлланилади;
- уларнинг биринчи ўринбосарларига, шунингдек, иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига лавозим маошларининг 20%и миқдорида мукофот, лавозим маошларининг 20%и миқдорида жарима ўрнатилади.
Ҳудудлар кесимида 2017 йилнинг III ва IV чорагида аҳоли бандлиги ўсишининг прогноз кўрсаткичлари Қарор билан тасдиқланди. Кейинги йилдан бошлаб улар шаҳарлар ва туманлар кесимида Олий Мажлис томонидан тасдиқланадиган ҳар йилги Аҳоли бандлиги дастурида – Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари қарорлари билан тасдиқланадиган ҳар йилги ҳудудий манзилли аҳоли бандлиги дастурларида ўрнатилади.
Бунда банд аҳоли сонининг тасдиқланган прогноз кўрсаткичларига нисбатан ўзгариши аҳоли бандлиги ўсишининг кўрсаткичи ҳисобланади. Банд аҳоли сони бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаётган фуқаролар умумий сони асосида аниқланади.
Мукофотлар тўлаш, бажарилмаганлиги учун лавозим маошларидан жарималар ундириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- ҚР Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – қарор билан тузилган махсус Комиссиянинг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида;
- шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларига – ҚР Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида;
- иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларига – иқтисодий комплекснинг республика органлари раҳбарлари қарорлари асосида.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
Олег Заманов,
экспертимиз.