Вазирлар Маҳкамасининг 14.12.2020 йилдаги 781-сон қарори билан 2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури тасдиқланди.
Дастур босқичма-босқич амалга оширилади:
- I босқич – 2020-2021 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича ташкилий-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш;
- II босқич – 2022-2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш;
- III босқич – 2024-2025 йилларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилаш.
Қуйидагилар Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- аҳоли, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш, нашриётлар ва ижодкорлар фаолиятига кўмаклашиш, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни қўллаб-қувватлаш;
- миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, республиканинг олис ҳудудларида ва ёшга доир китобхонлик маданиятини ривожлантириш;
- китоб савдосини ташкил этиш тартибларини соддалаштириш, янги нашр этилган китобларни етказиш ва ахборот манбаларини тарқатиш тизимини такомиллаштириш;
- китоб етказиб берувчиларни замонавий ижтимоий эҳтиёжларга мослаштириш, инфратузилмани яхшилаш, ахборот-кутубхона марказларини чоп этиладиган босма нашрлар ва уларнинг электрон нусхалари билан тўлдириб бориш, электрон китоблар яратиш, китобларни рақамлаштириш ва электрон каталогларни тузиш ҳамда тизимли равишда янгилаб бориш;
- аҳолининг китобхонлик даражаси ва китобга қизиқишини тизимли ўрганиб бориш, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш, кутубхоначи кадрлар салоҳиятини ошириш;
- хорижий асарларга онлайн буюртма бериш, уларни республика ҳудудига олиб келиш ва тарқатиш тизимини ҳамда китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликни кенгайтириш.
Қабул қилинган ҳужжатда ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасида «Китобхонлик ҳафталиги»ни ўтказиш ҳамда Дастурни 2020-2021 йилларда амалга ошириш бўйича қуйидагилар назарда тутилган «Йўл харитаси»сини тасдиқлаш белгиланган:
- нашриётлар томонидан ёзувчиларга ажратиладиган гонорар масаласини такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- рассом, дизайнер ва бадиий муҳаррирларга муаллифлик ҳақини тўлаш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- китобхонликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш, «Энг яхши китобхон ҳудуд», «Энг яхши китобхон маҳалла», «Энг яхши китобхон таълим муассасаси» рейтингини жорий этиш ва бошқалар.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 14.12.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.