Президентнинг 22.09.2022 йилдаги “Республикада капитал қурилиш соҳасида буюртмачи хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинган.
Вазирлик ва идораларнинг буюртмачи хизматлари фаолияти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Қарорга мувофиқ:
- 2023 йил 1 январга қадар инжиниринг компанияларининг ташкилий-ҳуқуқий шакли давлат унитар корхонаси шаклига ўзгартирилади;
- 2023 йил 1 январдан бошлаб Мактабгача таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматлари
ва уларнинг ҳудудий филиалларини, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи хизматининг ҳудудий филиаллари тугатилади;
- тугатилаётган буюртмачи хизматлари томонидан ишлари амалга оширилаётган объектларнинг буюртмачиси сифатида тегишлича Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниялари белгиланади;
- 2023 йил 1 июлга қадар фуқаролар учун геолокацияси кўрсатилган ҳолда, қурилиш ишларини олиб бориш учун берилган барча рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар, шу жумладан, қурилиш назоратини олиб боришда чиқарилган хулосалар билан танишиш имконини берувчи очиқ электрон тизим яратилади.
Шунингдек, 2023 йилнинг 1 январдан буюртмачи хизматлари :
- техник топшириқлар ҳамда унга қўйиладиган функционал ва эксплуатация талабларини идоравий қурилиш нормаларига асосан ишлаб чиқишади ва эксплуатация қилувчи ташкилотлар билан келишишади;
- лойиҳа ташкилотини танлаш учун харид қилиш ҳужжатларига қурилиш объектининг эскиз лойиҳаси ҳамда унга қўйиладиган минимал функционал ва эксплуатация талаблари киритишлари шарт.
Буюртмачи хизматларига техник топшириқ, эскиз лойиҳаси, унга қўйиладиган функционал ва эксплуатация талабларини ишлаб чиқишни аутсорсинг асосида тадбиркорлик субъектларини жалб қилган ҳолда амалга ошириш ваколати берилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб оммавий аҳамиятга эга ноёб ва алоҳида муҳим объектларнинг эскиз лойиҳасини ишлаб чиқиш учун буюртмачи хизмати томонидан архитектура танловини ўтказиш бўйича мажбурий тартиб белгиланади.
Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилишда техник меъёрлаш маркази ва Қурилишда стандартлаштириш республика маркази негизида Қурилишда техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилмоқда.
Собир Нурбердиев.