Президентнинг 1.06.2018 йилдаги ПҚ–3764-сон қарори билан баҳолаш хизматлари бозорини янада ривожлантириш чора-тадбирлари қабул қилинди.
Таҳририятдан: Ушбу ҳужжат ва 75 мингта бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунтиришлари билан бирга «ЎзР қонунчилиги» АҚТда жамланган. Намойиш версиясини бу ерда юклаб олинг.
Лицензиялаш ва оширилган устав фонди ўрнига – аккредитация қилиш ва юқори суғурта қопламалари
Устав капиталининг анча юқори: баҳолаш фаолияти йўналишига қараб 1500, 2000 ёки 2500 ЭКИҲ миқдорида бўлиши лицензия талабларидан бири ҳисобланган, шундан камида 30%и пул билан киритилиши зарур эди. Мазкур талаб, умуман олганда баҳолаш фаолиятини лицензиялаш сингари, бекор қилинди.
Энди баҳоловчи ташкилотлар танланган ташкилий-ҳуқуқий шаклга қараб ўз устав капиталларини шакллантиришлари мумкин. Эслатиб ўтамиз, баҳоловчи ташкилот акциядорлик жамияти бўла олмайди («Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 41-моддаси). Бунда баҳоловчи ташкилот устав капиталининг камида 51%и мазкур ташкилотнинг битта ёки бир нечта штатдаги баҳоловчисига тегишли бўлиши лозим.
Баҳоловчи ташкилотларнинг илгари берилган лицензиялари амал қилиш муддати 1.01.2019 йилдан тугатилади. Бироқ баҳоловчи ташкилотлар хизматлари буюртмачиларининг манфаатлари бузилмаслиги керак. Уларни ҳимоя қилиш мақсадида ЛБМА қошидаги Аккредитация марказида баҳоловчи ташкилотларни аккредитация қилиш жорий қилинмоқда. Шунингдек баҳоловчи ташкилотнинг жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурта ҳодисаси содир бўлган тақдирда тўланиши лозим бўлган суғурта қопламасининг энг кам миқдорлари тасдиқланди:
- кўчар мулкни баҳолаш учун, қимматли қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлар бундан мустасно – 2000 ЭКИҲ;
- кўчмас мулкни баҳолаш учун, мулкий комплекс сифатидаги корхона бундан мустасно – 2500 ЭКИҲ;
- бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхонани, барча турдаги моддий ва номоддий активларни) баҳолаш учун – 3000 ЭКИҲ.
Қонунга мувофиқ баҳоловчи ташкилот фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси бўйича суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полисига эга бўлиши керак.
Бу – муҳим! Баҳоловчига унинг иши учун тўланадиган ҳақ миқдори баҳолаш объекти қийматининг якуний миқдорига боғлиқ бўла олмайди. Баҳоловчи ташкилотларга кўрсатиладиган хизматлар қийматининг 15%идан кам бўлмаган миқдордаги дастлабки тўловсиз хизматлар кўрсатишга рухсат берилди.
Баҳоловчиларга тоифа берилди ва малака сертификатларини беришнинг янги тартиби жорий этилди
Баҳоловчиларга тоифа бериш тизими жорий этилмоқда. У сертификатланган баҳоловчилар, иккинчи, биринчи ва олий тоифали баҳоловчиларни ўз ичига олади (қуйидаги жадвалга қаранг).
Баҳоловчиларнинг тоифаси |
Талаблар – мезонлар |
|
тоифа берилаётган вақтда баҳоловчи ташкилотда баҳоловчи сифатидаги иш тажрибаси |
турли баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича мустақил равишда бажарилган ишлар сони |
|
Олий тоифали |
камида 5 йил |
камида 35 та, шу жумладан бизнесни баҳолаш бўйича |
Биринчи тоифали |
камида 3 йил |
камида 25 та, шу жумладан бизнесни баҳолаш бўйича |
Иккинчи тоифали |
камида 1 йил |
камида 15 та |
Бу аҳамиятга эга, сабаби келаси йил 1 январидан бошлаб баҳоловчи ташкилотнинг раҳбари фақат биринчи ёки олий тоифадаги баҳоловчи бўлиши мумкин. Бунинг устига, баҳолаш ҳақида ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертиза қилиш учун фақат мазкур тоифадаги баҳоловчилар жалб этилиши мумкин.
Энди баҳоловчининг малака сертификатларини Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази беради (илгари – Давлат рақобат қўмитаси). Жорий йил 1 июлдан бошлаб унда баҳоловчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича махсус курслар иш бошлайди. Ушбу курслардан ўтиш якунлари бўйича имтиҳонлар муваффақиятли топширилган тақдирда белгиланган намунадаги малака сертификатлари берилади. Марказда ҳар йили малака ошириш курсларини ўтаган тақдирда баҳоловчиларнинг малака сертификатлари амал қилиш муддати тугагунига қадар уларни қайта расмийлаштириш талаб этилмайди.
Бу – муҳим! Штатдаги баҳоловчи бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида жалб қилина олмайди. Баҳоловчи объектив баҳолашни олиб боришга монелик қиладиган ҳолатлар юзага келганлиги оқибатида баҳолашни ўтказишда иштирок эта олмаслиги ҳақида буюртмачига ёки меҳнат шартномасини тузган баҳолаш ташкилотига маълумот бериши шарт.
Кимлар баҳолаш ҳақида ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертиза қилишга ҳақли эмас
Аффилланган шахс бўлган баҳоловчи ташкилот ёки баҳоловчи томонидан баҳолаш ҳақида ҳисоботлар ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш тақиқланди. Бундай шахслар деб қуйидагилар тан олинади:
- баҳолашни олиб борган баҳоловчи ташкилот мулкдори, муассиси (иштирокчиси), кредитори, суғурталовчиси, баҳоловчиси;
- буюртмачининг мулкдори, муассиси (иштирокчиси, акциядори), кредитори, ишчиси;
- баҳолаш объектига нисбатан мулкий манфаатга эга бўлган ёки мазкур бандда кўрсатилган шахслар билан яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахс;
- буюртмачи ёки баҳолашни олиб борган баҳоловчи ташкилот кузатув кенгашининг аъзоси, директор ёки бошқарув аъзоси ваколатларини амалга оширадиган шахс;
- устав жамғармаси (устав капитали)да баҳолашни олиб борган баҳоловчи ёки баҳоловчи ташкилот улуши бўлган юридик шахс, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа шахслар.
Бу – муҳим! Мулкни баҳолашнинг янги стандартларини тасдиқлаш, шунингдек амалдагиларига ўзгартириш, қўшимчалар киритиш ва ўз кучини йўқотган деб топиш функцияси Давлат рақобат қўмитасидан ЛБМАга ўтказилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2.06.2018 йилдан кучга кирди.
Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида яқин орада танишиш мумкин.
Олег Заманов.