2015 йил 6 майдаги ПҚ–2344-сон «Тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини янада ошириш ва уларнинг ресурс базасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ Марказий банк Бошқарувининг қарори (Адлия вазирлиги томонидан 2015 йил 5 августда 2706-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузиладиган битимлар тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Илгари амалда бўлган Банклар ва уларга алоқадор шахслар ўртасида ўтказиладиган операциялар тўғрисидаги Низом (рўйхат рақами 556, 1998 йил 2 декабрь), шунингдек унга қўшимчалар ўз кучини йўқотган деб топилди.
Низомнинг асосий мақсади Марказий банк томонидан банкка алоқадор бўлган шахслар билан битимлар тузиш юзасидан чекловларни белгилаш ҳисобланади.
Умуман олганда, қуйидагилардан ташқари янги Низом эскисидан принципиал жиҳатдан фарқ қилмайди.
Аниқлаштирилишича, банкка алоқадор бўлган жисмоний шахснинг яқин қариндошлари деганда эри, хотини, ота-онаси, болалари, туғишган ҳамда ўгай ака-ука ва опа-сингиллари, боболари, бувилари, неваралари (илгари – эри, хотини, ота-онаси, болалари, ака-укалари, опа-сингиллари) тушунилади.
Эндиликда ҳар бир банк унинг раҳбар ходимлари ва банкнинг йирик акциядорлари ҳисобланган жисмоний шахслардан йилига бир марта (илгари –ярим йилда бир марта) яқин қариндошлари ва яқин қариндошларидан бири томонидан кучли таъсир ўтказиши мумкин бўлган шахслар рўйхатини шакллантириши керак.
Шунингдек эндиликда банкка алоқадор бўлган шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражасини аниқлашда, бошқалар билан бир қаторда, қуйидагилар ҳисобга олинмайди:
қимматли қоғозларнинг ва кафолатларнинг бозор қиймати кредитларни 125 фоизга қоплай оладиган давлат қимматли қоғозлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолати ёки бошқа мажбуриятлари билан таъминланган кредитлар;
банк томонидан Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобига қайта молиялаштирилган кредитлар.
Илгари банкка алоқадор бўлган шахсларга тўғри келувчи таваккалчиликнинг энг юқори даражасини аниқлашда банк томонидан юридик шахс ҳисобланган алоқадор бўлган шахс акцияларига қўйилган суммалар ҳисобга олинмасди. Эндиликда улар истисно ҳисобланмайди.
Бундан ташқари белгиланишича, Низом талаблари банклар томонидан бузилган тақдирда Марказий банк 1995 йил 21 декабрдаги 154-I-сон «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 53-моддасида назарда тутилган чора ва санкцияларни қўллашга ҳақли.
Ҳужжатда бошқа фарқлар ҳам мавжуд.
Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган.
Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2015 йил 10 августдаги 31-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан кейин кучга киради.
Мазкур ҳужжатнинг матни билан, у билан боғланган бошқа қонун ҳужжатларига шарҳлар ва изоҳлар билан «Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида янги» шарҳини
эксперт-юристимиз Сардор ЖУМАШОВ
тайёрлади.