Telegram мессенжеридаги “Қонунчилик” ССП гуруҳи ахборотига кўра Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан биржадан ташқари валюта бозорида айрим операциялар бўйича хорижий валютанинг бозор курси жорий қилинди.
Хусусан, ўтган ҳафта мобайнида ўтказилган банклараро савдо сессияларида қайд қилинган курсларнинг ўртача қиймати бўйича ваколатли банклар ва уларнинг мижозлари ўртасида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш бўйича операциялар ўтказиш тўғрисидаги қоида бекор қилинди. Шунингдек, мазкур курс бўйича импорт истеъмол товарлари ва хизматларни (шу жумладан транспорт ва алоқа) сотишдан олинган сўмдаги тушумни эркин конвертация қилинадиган валютага конвертация қилиш амалга оширилмайди.
Шу боис, банклар биржадан ташқари валюта бозорида бозор курси бўйича тўғридан-тўғри шартномалар асосида операцияларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлишди.
Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида низомга ўзгартиришлар киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг 11.06.2003 йилдаги 260-сон “Валюта бозорини янада эркинлаштириш ва алмаштириш курсларини бирхиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эса кучини йўкотди.
Ўзгартиришлар ҳақидаги батафсил шарҳни ҳужжат расман эълон қилингандан кейин сайтимизда ўқишингиз мумкин.