Бош прокуратура Академияси магистратурасига қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тасдиқланди (рўйхат рақами 3179, 30.08.2019 йил).
Эслатиб ўтамиз, Академия Президентнинг 8.05.2018 йилдаги ПФ-5438-сон Фармони билан Бош прокуратуранинг Олий ўқув курсларини қайта ташкил этиш натижасида ташкил этилган эди. Муассаса прокуратура органлари кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни, шунингдек асосий иш жойидан ажралган ёки ажралмаган ҳолда қисқа муддатли ва бошқа курсларни ташкил этади. Бундан ташқари, жорий ўқув йилидан (2019/2020) бошлаб Академияда магистрлар, шу жумладан бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари ҳам ўқитилади.
Ҳужжатга мувофиқ Академия магистратурасига танлов асосида қуйидаги шахслар қабул қилинади:
- «Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган фуқаролар (ташқи номзодлар);
- «Юриспруденция» таълим йўналиши бўйича таянч олий юридик маълумотга эга бўлган прокуратура органларининг ходимлари (шу жумладан, амалдаги кадрлар захирасидаги ходимлари), шунингдек бошқа таълим йўналишлари бўйича олий маълумотга ва бевосита прокуратура органларида камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган прокуратура органлари ходимлари (ички номзодлар).
Ташқи ва ички номзодлар учун тенг ҳуқуқлилик ва қабулнинг ягона қоидалари белгиланган.
Ўқишга кириш учун ҳужжатлар 10 июндан 10 августга қадар қабул қилинади. Ўқиш муддати – 1 йил, прокуратура ходимларининг эгаллаб турган лавозими ва ўртача ойлик иш ҳақи ўқиш даври мобайнида сақлаб қолинади.
Академия магистратурасига ўқишга қабул қилиш учун қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ариза топширилади:
- сўровнома;
- таржимаи ҳол;
- паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжат нусхаси;
- 3,5 х 4,5 см ўлчамли 4 дона рангли фотосурат;
- олий маълумот тўғрисидаги диплом (иловаси билан) ёки дипломдан кўчирма (грант бўйича ўқиб тугатганлар учун);
- чет тилини билиш даражасини тасдиқловчи белгиланган даражадаги миллий ёки халқаро сертификатларнинг асл нусхаси (мавжуд бўлганда);
- ички номзодлар учун, юқорида санаб ўтилганлардан ташқари, бевосита раҳбари томонидан ёзилган тавсиянома.
Кириш имтиҳонлари август ойида, ёзма имтиҳон ва суҳбат шаклида магистратурада ўқитиладиган тилда ўтказилади. Ёзма имтиҳон махсус фанлар ва чет тили бўйича ўтказилади.
Ўқиш давлат гранти ва тўлов-контракт асосида бўлади. Кириш имтиҳонларидан энг юқори балл тўплаган номзодлар давлат грантлари асосида ўқишга қабул қилинади. Қолганлар рейтинг баллари асосида «контракт»га қабул қилинади. Контракт миқдори 1 талабани ўқитиш билан боғлиқ асосланган харажатлар миқдоридан келиб чиқиб Академия томонидан белгиланади. Кириш имтиҳонлари натижалари ҳамда қабул квоталарини ҳисобга олган ҳолда, қабул комиссияси томонидан минимал ўтиш баллари белгиланади.
Магистратура битирувчиларига тегишли мутахассисликлар бўйича давлат намунасидаги диплом ва «ҳуқуқ магистри» даражаси берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 30.08.2019 йилдан кучга кирди.
Ленара Хикматова.