Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Умумий сотиш ҳажмида ўз маҳсулоти 90 фоиздан кам бўлса, умумий овқатланиш корхонаси қишлоқ хўжалик маҳсулотлари харидини қандай расмийлаштириши керак Ўзбекистондан ташқарида товар харид қилиш ва ташиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади Қандай қилиб ҚҚС ҳисоботини тўлдириш ва солиқни тўлаш керак

Бошоқли дон экинлари ва ғўза уруғлари экспорти – рухсатнома бўйича

01.05.2018

 

Президентнинг 27.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора- тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди. Унинг матни ЎзАда жойлаштирилган.

 
Ҳужжатда 2018 йил 1 сентябрдан соҳага қатор янги қоидалар жорий этилиши назарда тутилган.

 

Биринчидан, битта вилоятда 10 тадан кўп, битта туманда эса 5 тадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини жойлаштириш тақиқланди. Ғўзанинг районлаштирилган навлари бўйича ушбу кўрсаткич битта вилоятда 5 та нав, битта туманда 2 та нав этиб белгиланди (синов ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно).

 

Иккинчидан, бошоқли дон экинлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати 2 йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари учун – 1 йилдан ошмаслиги лозим.

 

Учинчидан, уруғларнинг навларини (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистонда экиш учун тавсия этилган Қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилинади.

 

Тўртинчидан, бошоқли дон экинлари ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига асосан Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори бўйича амалга оширилади. Бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинмайди.

 

Бешинчидан, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини импорт қилганда (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно), агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар мамлакатимизда амалда бўлган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаса, аккредитация бўйича халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитация қилган хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш натижалари тан олинади.

 

Уруғлар экспорти – Уруғчиликни ривожлантириш маркази орқали

 

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида яқинда ташкил этилган Уруғчиликни ривожлантириш марказининг вазифалари, молиялаштириш манбалари ва фаолиятининг ташкилий жиҳатлари белгиланди. Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмаси тасдиқланди.  

 

Марказ қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини уруғчилик хўжаликлари ва корхоналари билан тузилган воситачилик шартномалари асосида экспорт қилади. Бунда воситачилик ҳақи 1%дан ошмаслиги лозим.

 

Марказ ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига давлат буюртмаси доирасида 2018–2019 йиллар ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини тайёрлаш ва жойлаштириш бўйича вазифа ва масъулият юклатилди.

 

Тадбирлар режаси ишлаб чиқилади

 

2 ой муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топширилди:

  • бренд ва тижоратбоп, шунингдек, дурагай ва лицензияланган навларнинг уруғлик материалини етиштириш, қайта ишлаш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи уруғчилик компанияларини, шу жумладан чет эл капитали иштирокида ва давлат-хусусий шериклик асосида компанияларни ташкил этиш;
  • уруғ тайёрловчи ва етиштирувчи корхоналарда ички сифат назорати тизими ва инновацион технологияларни жорий этиш, шунингдек, халқаро талабларга мувофиқ аккредитация қилинган замонавий лабораторияларни ташкил этиш;
  • мавжуд маҳаллий ва хорижий селекция навлари коллекцияси асосида юқори ҳосилдорликка, юқори сифатга эга ва касалликларга чидамли устувор қишлоқ хўжалиги экинларининг дурагайларини етиштириш тизимини ташкил қилиш;
  • қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини лицензиялаш механизмларини, оригинаторлар томонидан корхоналар ва кластерлардан лицензия бўйича олинадиган роялти схемалари ва миқдорларини жорий этиш;
  • мамлакатда мавжуд бўлган қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг тўлиқ инвентаризациясини, уларнинг молекуляр-генетик паспортизациясини (ДНК бар-кодинг) ўтказиш, шунингдек, уларни мамлакатнинг селекция ютуқларини ҳимоя қилиш имконини берувчи Ўсимликларнинг янги навларини муҳофаза қилиш халқаро иттифоқида (UPOV) рўйхатдан ўтказилишини амалга ошириш;
  • уруғчилик хўжаликлари ва уруғлик материалини қайта ишлаш цехларининг ўрнатилган нормалар, талаблар, регламентлар ва техник ҳисобларга мувофиқлиги бўйича инвентаризация қилиш;
  • ғўзанинг селекция навлари патентлари ва муаллифлик гувоҳномаларини (оригинатор ҳуқуқларини) баҳолаш ва уларни ҳар 3 йилда қайта тасдиқлаш.

 

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

 

Олег Заманов.

 

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info! Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_

Валюталар курси

2024-12-23
  • USD:12893.07 (+0.00) сум
  • EUR:13386.87 (+0.00) сум
  • RUB:125.96 (+0.00) сум