1 октябрдан ишга тушадиган механизм Президентнинг 26.08.2019 йилдаги ПҚ-4427-сон қарорида батафсил таърифланган.
Эслатиб ўтамиз, 1 октябрдан бошлаб бизнес ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари ҳудудларда фақат “E-IJRO AUKSION” орқали тақдим этилади (Президент ва Ҳукуматнинг қарорларига мувофиқ ер участкалари бериш ҳоллари бундан мустасно), жисмоний ва юридик шахслар эса «YERELEKTRON» ААТда ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш майдончаси тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини кўриб чиқиш учун жойлаштириш тўғрисида таклифлар киритишга ҳақли (13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сон Фармонга қаранг).
Қабул қилинган ҳужжат тўртта асосий босқичда ҳаракатлар изчиллигини белгилаган ҳолда мазкур тартибни аниқлаштиради.
Биринчидан, ер участкалари бўйича маълумотларни шакллантириш қисми бўйича:
- «YERELEKTRON» ААТга ер участкалари бўйича маълумотларни киритиш «Давергеодезкадастр» органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади;
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан маълумотлар «YERELEKTRON» ААТга киритилганда «Давергеодезкадастр» органлари томонидан 5 иш куни мобайнида қонунчиликда назарда тутилган зарур материаллар тайёрланади. Бу ишларнинг қиймати ер участкасини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қопланади;
- ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва (ёки) у бўйича хулосалар бериш ваколатли ташкилотлар томонидан фақат электрон шаклда «YERELEKTRON» ААТ орқали унга ер участкалари бўйича маълумотлар киритилган кундан бошлаб 5 иш куни ичида автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади;
- ер участкасини танлаш материалларини келишишда Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан ҳудудларни ривожлантириш режалари ва қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида аниқ ер участкасида қурилиши рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар тури аниқланади, архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилади. Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш харажатлари ер участкасини электрон онлайн-аукцион орқали сотишдан тушадиган маблағлар ҳисобидан қопланади;
- ер участкасини танлаш материалларини келишишда туман (шаҳар) эксплуатация ташкилотлари томонидан ҳам муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун техник шартлар тақдим этилади;
- электрон онлайн-аукционга қўйиладиган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг тури ер участкасини танлаш материалларини келишишда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади;
- энди ер участкасини танлаш материаллари юзасидан Давлат геология қўмитаси, ёнғин хавфсизлиги ҳудудий бошқармалари ва бўлимлари, санитария-эпидемиология назорати хизматининг ҳудудий ташкилотлари, туманлар (шаҳарлар) ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимлари, туманлар (шаҳарлар) ДСИларининг хулосасини олиш зарур эмас.
Иккинчидан, ер участкасини «Е-IJRO AUKSION»га қўйиш қисми бўйича:
- ер участкаси тўғрисида мажбурий кўрсатиладиган маълумотнинг минимал ҳажми унга бўлган ҳуқуқ тури, майдони (гектарда) ва жойлашган жойи, электрон онлайн-аукционга қўйиладиган ер участкасига туташ ер участкалари (объектлари)нинг белгиланган мақсади турлари, ер участкаси кирадиган ерлар тоифаси ва тури, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларигача бўлган масофа тўғрисида маълумот, мазкур ер участкасида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар турлари рўйхати, шунингдек, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун архитектура-режалаштириш топшириғи ва техник шартларни ўз ичига олиши лозим;
- ер участкаларининг бошланғич нархи ер участкаларининг тасдиқланган минимал қиймати асосида «Давергеодезкадастр» органлари томонидан келишув амалга оширилгандан ва ижобий хулоса берилгандан сўнг 5 иш куни ичида аниқланади. Ҳар бир туман учун ер участкаларининг минимал қиймати ҳар йили 10 июнь ва 10 декабргача тасдиқланади. Ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг тури, ер солиғининг йиллик миқдори, ер участкасини танлаш бўйича материалларни тайёрлаш харажатлари, шунингдек, ер участкасининг жойлашган жойи, унда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш нуқталарининг мавжудлиги ер участкасининг минимал қийматини белгилаш мезонлари ҳисобланади;
- туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан ер участкаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари келишилган ва ижобий хулосалар олингандан сўнг 5 иш куни мобайнида ер участкасига нисбатан инвестиция мажбуриятларини белгилайди;
- ер участкаси «Е-IJRO AUKSION»га «YERELEKTRON» ААТ орқали автоматлаштирилган тартибда ер участкасининг бошланғич нархи аниқланган ва инвестиция мажбуриятлари белгилангандан сўнг қўшимча қарорлар қабул қилинмасдан жойлаштирилади.
Учинчидан, ер участкасини электрон онлайн-аукционда сотиш қисми бўйича:
- электрон онлайн-аукцион ўтказиш тўғрисида хабардор қилиш ва лот тўғрисидаги маълумотни жойлаштириш аукцион бошланишидан 15 календарь кун олдин амалга оширилади, электрон онлайн-аукционда иштирок этиш учун аризаларни қабул қилиш муддати у ўтказиладиган кундан олдинги куни соат 24:00 да якунланади;
- электрон онлайн-аукцион ўтказилмаган деб топилганда, ер участкасининг бошланғич нархини камайтиришга йўл қўйилмайди;
- Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимларининг аукцион ғолиби номига ер участкасини ажратиш бўйича қарор қабул қилиши тўғрисидаги талаб бекор қилинади;
- ер участкасининг нархи тўлиқ тўлангандан сўнг электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома аукцион ғолиби номига ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун «Давергеодезкадастр» органларига, шунингдек аукцион ғолибига инвестиция мажбуриятларини бажариш тармоқ жадвалини бериш учун туман (шаҳар) ҳокимлигига электрон шаклда юборилади;
- ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш баённома олинган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида амалга оширилади ва тегишли тартибда аукцион ғолибига юборилади;
- инвестиция мажбуриятларини бажариш тармоқ жадвали туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 5 иш куни мобайнида тайёрланади ва аукцион ғолибига топширилади;
- ер участкасининг қиймати БҲМнинг 5 000 баробаридан ортиқ бўлса, аукцион натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб 5 банк кунидан кечиктирмасдан электрон онлайн-аукцион давомида белгиланган нархнинг 50%и миқдорида аванс тўлови киритилишига рухсат этилади. Закалат киритилаётган аванс тўлови ҳисобига қабул қилинади. Қолган сумма электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилган кундан бошлаб 30 календарь кундан кечиктирмасдан киритилади;
- ер участкаси электрон онлайн-аукционда 2 ой мобайнида сотилмаган тақдирда, манфаатдор шахсларнинг аризасига кўра ер участкаси «Давергеодезкадастр» органлари томонидан қайта келишилмасдан бирлаштирилиши ёки алоҳида қисмларга ажратилиши мумкин. Заруратга кўра, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан бирлаштирилган ёки ажратилган ер участкаларида қурилиши тақиқланган объектлар турлари рўйхати янгиланади.
Тўртинчидан, архитектура ва қурилиш ишларини амалга ошириш қисми бўйича:
- қурилиш объектларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини мажбурий экспертиза қилиш талаб этилмайди, марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш объектлари бундан мустасно;
- Қурилиш вазирлигининг бўлинмалари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келишиш ҳамда объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини экспертиза қилиш бир вақтда амалга оширилади;
- лойиҳа ташкилотлари томонидан (муҳандислик-коммуникация тармоқлари ташкилотларидан ташқари) ишлаб чиқилган муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш қурилиш органлари томонидан бино, иншоот ва бошқа объектларнинг қурилиш лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш жараёни билан бир вақтда амалга оширилади;
- бино ва иншоотларнинг кадастр йиғмажилдини тайёрлаш уларни фойдаланишга қабул қилишга қадар Давлат хизматлари марказларига берилган аризаларга асосан амалга оширилади. Қабул қилиш якунланганидан сўнг Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан кўчирма берилади.
Юқорида таърифланган тартибнинг бузилиши давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликнинг бузилиши деб ҳисобланади ва, бинобарин, белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади (МЖТКнинг 2155 -моддаси). Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотишга оид қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат ўрнатади, айбдор шахслар – жавобгарликка тортилади.
! Аукцион ғолиби ёки ер участкасига нисбатан ҳуқуққа эга бўлган шахснинг айби бўлмаган тақдирда, маъмурий тартиб-таомилларга риоя қилинмаганлиги учун электрон онлайн-аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ҳар чоракда ер участкасига нисбатан инвестиция мажбуриятлари бажарилиши мониторингини амалга оширади. Мониторинг натижалари зарур ҳолларда тегишли чоралар кўриш учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига юборилади.
2020 йил 1 мартга қадар тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш бўйича «YER AUKSION» электрон савдо майдончаси ишлаб чиқилиши керак. Унга «E-IJRO AUKSION»дан ер участкаларини сотиш жараёнлари ўтказилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 27.08.2019 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов.