Неверный логин или пароль
или войдите через:
×
На ваш почтовый ящик отправлены инструкции по восстановлению пароля
x
Бухгалтерия ҳисоби ва солиқ солиш мақсадларида амортизация ҳисоблашнинг фарқи МИЗ иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёз қайси даромад турларига нисбатан қўлланилиши мумкин Геологик изланишларнинг солиқ ҳисоби қандай юритилади

Бўш турган объектлар билан махсус марказ шуғулланади

02.07.2020

Рус тилида ўқиш

Президентнинг 1.07.2020 йилдаги “Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

 

Фаолият кўрсатмаётган, фойдаланилмасдан турган нотурар объектлардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда уларни ташкилотларнинг хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш мақсадида:

  • Агентликнинг тегишли ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУКлари негизида Давлат активларини бошқариш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази (кейинги ўринларда – Марказ);
  • Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаларини (кейинги ўринларда – ҳудудий бошқармалар) ташкил этилади. Марказ ДУКларнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, шу жумладан, шартномавий муносабатлар бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

 

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • бўш турган нотурар бино ва иншоотларни, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини (кейинги ўринларда – бўш турган объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • бўш турган давлат мулки объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;
  • ижарага берилган давлат мулки объектларини ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш, шунингдек улардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га оператив бошқарув ҳуқуқи билан берилган давлат мулки объектларининг ортиқча қисмини, шунингдек, фойдаланилмаётган ёки мақсадсиз фойдаланилаётган давлат мулки объектларини олиб қўйиш;
  • Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси хулосасига асосан яроқсиз деб топилган давлат мулки объектларини бузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;
  • бўш турган хусусий мулк объектларини уларнинг мулкдорлари ихтиёрига кўра ижарага берилишида ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиш.

 

Марказ ва ҳудудий бошқармалар фаолиятини молиялаштириш манбалари:

  • республика Давлат бюджети маблағлари;
  • давлат мулки объектлари ижарасидан тушадиган маблағлар;
  • Агентликнинг ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Марказ давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида барча давлат органларидан зарур бўлган ахборот ва материалларни сўраб олишга ҳақли. Бўш турган объектлар тўғрисидаги маълумотлар Марказ томонидан автоматлаштирилган тизим орқали тегишли давлат органларидан олинади.

 

Бўш турган объектлар тўғрисида маълумотлар Марказнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилади ва ҳар ойда янгилаб борилади. Фойдаланилмаётган объектларни аниқлаш ва фойдаланилмаётган объектларни хўжалик фаолиятига жалб этиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳудудий бошқармаларга ҳафталик ахборот киритиб боради. Ҳудудий бошқармалар ходимлари туман (шаҳар)ларнинг ҳар бир маҳалласига бириктирилади ҳамда ваколати доирасида маҳалла ҳудудида жойлашган бўш турган объектларни аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этади. Бўш турган давлат мулки объектлари, республика Инвестиция дастурига киритилган объектлар бундан мустасно, сақлаш ва улардан келгусида самарали фойдаланиш (хусусийлаштириш, ижарага бериш ва бошқа) мақсадида Марказ ва ҳудудий бошқармаларга топширилади

 

Марказ:

  • бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳар йили 1 апрелга қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради;
  • бўш турган объектлар рўйхатини ҳар чоракда ССПга ҳамда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига киритиб боради.

 

Марказ ва ҳудудий бошқармалар ходимлари ўз ваколатлари доирасида бўш турган объектларга тўсқинликсиз киради ва кўздан кечиради. Бунда, хусусий мулк объектларига кириш ва уларни кўздан кечириш Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

 

Марказнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

 

2020 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади;

б) “E-IJRO AUKSION” тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

  • “мобиль идентификация қилиш” билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобиль иловалар орқали аукционда иштирок этиш;
  • давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;
  • савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва Агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

 

Ҳужжат билан Марказнинг марказий аппарати тузилмаси тасдиқланди. Унинг бошқарув ходимлари чекланган сони 309 нафар, шу жумладан, марказий аппарат бошқарув ходимлари сони – 22 нафарни ташкил этади. Агентликнинг Бўш турган давлат объектларини аниқлаш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш бошқармаси тугатилиб, унинг 8 та штат бирлиги Марказга ўтказилади.

 

Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимларига, тўлов манбаларидан қатъи назар, Агентлик ва унинг ҳудудий бошқармалари ходимлари учун қонун ҳужжатларида ва бошқа ҳужжатларда назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

 

Шунингдек, қарор билан қуйидагилар назарда тутилган:

  • Марказ ва унинг ҳудудий бошқармалари зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан судларга киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилиш;
  • “Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Бинолардан фойдаланиш дирекцияси” ДУК негизида давлат муассасаси шаклидаги Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бинолардан фойдаланиш дирекциясини ташкил этиш.

 

Эльмира Сиразиева.